21:38 / 28.11.2017
15031

Миср воқеаларига муносабат: Мўминнинг қонини тўкиш улкан бахтсизликдир

Фото: AFP

Барча масжидлар Аллоҳники, масжидлар менинг уйим деган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Масжид жаннат боғчаларидир деб бизларни тўғри йўлга бошлаган Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Масжидларни қуринглар ва ундан ахлатларни чиқаринглар. Кимики Худо учун масжид қурса, Аллоҳ таоло у учун жаннатда бир қаср қуради ва масжиддан ахлатларни териб олиш бу жаннатдаги ҳуру айнларнинг маҳридир”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир ҳабаш эркак ёки аёл бор эди. Доимо масжиддаги ахлатларни, ортиқча нарсаларни чиқариб юрар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрмаганлари учун сўрадилар. Саҳобалар, Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у киши вафот этди – дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам хафа бўлиб дедиларки: “Нима учун менга айтмадингизлар? Қани қабрини менга кўрсатинглар”, деб қабр бошига бориб жанозасини ўқидилар. Демак, масжид қуриш, уни обод этиш, покиза сақлашлик улуғ савоблик ишлардан экан.

Масжид - мўминлар Аллоҳга ибодат қиладиган, қалби ором оладиган, гуноҳлардан тавба қиладиган, дунё ва охират яхшиликларини талаб қиладиган, дуолар қилинадиган муқаддас даргоҳдир. У жойга борганлар ибодатдан фориғ бўлганларидан сўнг (масжид ҳовлисида) ўзаро кўришишлари, бир-бирларини ҳолларидан хабар олишлари керак. Масжид ҳовлисида ғийбат, бўҳтон, бировларнинг обрўсини тўкадиган сўзларни айтиш жоиз эмас, акс ҳолда масжиднинг ҳурмати, эҳтироми йўқолади. Масжидларда жанжаллашмоқ, баҳслашмоқ, баланд овозда гаплашмоқ, беҳуда сўзлар билан одамларга озор бермоқ қатъий ман қилинган. Ҳаттоки, масжидларни олдидан ўтганда ҳам уни ҳурматини ўз ўрнига қўйишга буюрилганмиз.

Масжидлар Аллоҳнинг уйи, мусулмонлар жам бўладиган жой бўлганлигидан, у ерга борувчилар ҳам чиройли, тоза-покиза кийимларни кийиб, иложи бўлса, миск, яхши ҳид таратадиган хушбўй атирлар сепиб боришлари талаб этилади. Намозхонларга озор берадиган носвой, сигарет, ҳатто ҳалол бўлса ҳам бадбўй пиёз, саримсоқ пиёз каби нарсаларни истеъмол қилиб масжидга бориш макруҳ саналади. Чунки одамларга озор берадиган сассиқ ҳидлар фаришталарга ҳам озор беради. Аллоҳ таоло бандаларини масжидга боришда ювиниб-тараниб, хушбўйланиб, зийнатланиб боришдан ташқари масжид ичини, ҳовлисини, ён-атрофини, биносини обод қилиш, покиза сақлашга ҳам амр қилган. Масжид мусулмонларнинг муқаддас даргоҳи бўлганидан ҳар бир мусулмон уни авайлаб, кўз қорачиғидек асраши, биноларига зиён-заҳмат етишининг олдини олиши лозимдир.

Юқоридаги ҳадиси шарифлар, динимиз кўрсатмаларидан билиб олсак бўладики, масжидлар Аллоҳнинг уйи, муқаддас даргоҳ, уни бино қилиш, тоза-покиза сақлаш улуғ ибодатлардан ҳисобланади. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам шу ҳадисларга, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, масжидларни доимо эъзозлаб, ҳурматлаб келган. Собиқ иттифоқ даврларида ҳам бобо ва момоларимиз айтар эди, масжид ёки қабристон олдидан ўтганларингда эҳтиёт бўлиб, дуо қилиб ўтинглар, ножўя ҳаракатлар қилиб, бирон-бир зарар кўриб қолманглар деб таъкидларди. Ҳозирги кунда ҳам барча мўмин-мусулмон халқимиз масжид ёки қабристон ёнидан ўтсалар қўлини дуога очиб яхшилик тилаб ўтадилар. Ота-боболаримиздан бизгача етиб келган бундай улкан мерос бугунги кунда ҳам униб-ўсиб келаётган келажак авлодларимизга бебаҳо бойлик бўлиб хизмат қилмоқда. Халқимизни бундай бебаҳо, соф эътиқоди қон-қонимизга сингиб кетган. Бу эътиқоддан Аллоҳим ҳеч қачон бизлари айирмасин.

Афсуски, ҳозирги вақтларда баъзи бир хорижий давлатларда шундай улуғ масканларга нисбатан тажовуз қилиш, портлатиш, вайрон қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Яқинда  бир гуруҳ “Худонинг душманлари” томонидан Мисрнинг Синай ярим оролида жойлашган масжидларнинг бирида, жума намози вақтида мудҳиш теракт содир этилди. Теракт оқибатида масжидда портлаш, 305 нафар бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Шулардан 27 нафари ёш болалар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. (Нисо сураси-93)

Ислом дини ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган ва ҳатто уруш чоғида ҳам болалар, аёллар ва кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жойлар, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган. Бир мўминни қасддан ўлдиришнинг гуноҳи нақадар оғир эканлиги, бундай жиноятчига олий жазо – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлиш тайин қилингандир. Бундандан оғир жазони ўзи бўлмаса керак. Ундан ташқари буларнинг бу оғир жинояти Аллоҳнинг масжидларидан бирида амалга оширилиши нақадар ачинарли ҳолат, нақадар ваҳшийликдир. Бу қилмишлар эса уларни очиқ Аллоҳнинг душмани эканлигини белгисидир. 

Навбаҳор туман бош имом-хатиби:
Бобоназаров Сайдулла

Top