12:39 / 01.12.2017
14541

Тошкентда йўлтўсар коллеж ўқувчилари ушланди

Ёшлик – бу инсон умрининг баҳори ҳисобланади. Бу даврда баъзи ёшларимизнинг чуқур билим эгаллаб, келажаклари учун мустаҳкам пойдевор қўйиш ўрнига, жиноят кўчасига кириб, суднинг қора курсисида бош эгиб ўтираётгани афсусланарли ҳолдир.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Баҳром Пармонов, Даврон Куллиев ва Собир Турдиевлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзаро жиноий тил бириктириб, пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган “Янгиобод” бозорига боришади. Йигитлар у ердан 3 дона йиғма пичоқ сотиб олишади. Улар пичоқлардан қурол сифатида фойдаланиб, Бектемир тумани Чирчиқ бўйи кўчасига келишади ва кўчадан ўтиб кетаётган фуқаро Олим Қобиловнинг йўлини тўсишади. Улар пичоқлари билан йўловчини қўрқитиб, унга зўрлик ишлатиб, ёнидаги нархи 200 минг сўмлик “Нокиа” русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритишади ва воқеа жойидан яширинадилар.

Босқинчилардан қутулган жабрланувчи ички ишлар идораларига мурожаат қилади. Олиб борилган тезкор қидирув давомида йўлтўсар йигитлар қўлга олинди. Уларнинг ёнидан жабрланувчи О.Қобиловга тегишли уяли телефон аппарати ва йиғма пичоқлар олинди.

Касб-ҳунар коллежининг 3-курсига ўтган бу йигитларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида ҳукм ўқилиб, Б.Пармонов, Д.Куллиев ҳамда С.Турдиевларга тегишли жазо тайинланди.

Top