Ўзбекистон | 13:57 / 01.12.2017
9949
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мозори-Шарифда савдо уйини очди

Фото: Ўзтрейд

Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида 30 ноябрь куни «Ўзтрейд Мозори-Шариф» МЧЖ базасида «Ўзтрейд» АЖ шоу-румининг очилиш маросими бўлиб ўтди. У ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг катта номенклатураси тақдим этилади. Бу ҳақда «Ўзтрейд» СУ ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон-Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, шунингдек, экспорт қилинаётган маҳсулот ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш мақсадида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг печенье, шоколад конфетлари, жемлар, ёнғоқли шоколад пасталар, тўйинган шарбатлар, антисептик геллар, гиламлар ва гилам маҳсулотлари, ҳамда бошқа талабгир маҳсулотларини етказиб беришни таъминлаш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда, «Ўзтрейд» компанияси томонидан афғонистонлик шериклар билан 29,0 миллион доллардан ортиқ миқдорда шартномалар имзоланган. Ушбу шартномалар бўйича 17,5 миллион долларлик буғдой, 16 минг долларлик цемент, 2 минг долларлик полипропилен қоплари юклаб жўнатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон президенти Ашраф Ғаний Ўзбекистонга расмий ташриф билан 4 декабрь куни келиши маълум қилинганди. Бу ҳақда Афғонистоннинг республикадаги элчихонасидан хабар беришган. Элчихона маълумотларига кўра, ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид