Иқтисодиёт | 20:50 / 25.01.2025
4881
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистон билан Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўлидан фойдаланиш бўйича шартномани узайтирди

Бунда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Sogdiana trans» МЧЖ Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўлига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.

Фото: Транспорт вазирлиги

21-23 январ кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон жамоат ишлар вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммад Соҳибзода бошчилигидаги делегация билан самарали учрашувлар ташкил этилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигида ўтказилган учрашувда афғон томони билан трансафғон темирйўл қурилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилган ва томонлар келгуси ишларни ташкил этиш бўйича келишиб олган.

Шу билан бирга, икки давлат темирйўл маъмуриятлари ўртасида фаол ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтириш юзасидан келишувга эришилган.

Бунда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Sogdiana trans» МЧЖ Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўлига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.

Маълумот учун, лойиҳа қиймати 129 млн доллар, узунлиги 75 км бўлган Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўли 2010 йилнинг ноябр ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йилнинг декабридан бери «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти шуъба корхонаси «Sogdiana trans» амалга ошириб келаётган эди.

2023 йилда Термизда Афғонистон темирйўл бошқармаси ва «Sogdiana Trans» ўртасида Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлида эксплуатация ишларини давом эттириш тўғрисида янги келишув имзоланган. Янги келишувга кўра, «Sogdiana Trans» «Ҳайратон—Мозори Шариф» темирйўлига яна 2 йил хизмат кўрсатиши керак.

Мавзуга оид