00:12 / 15.08.2021
57585

Мозори-Шариф ҳам “Толибон” қўлига ўтди

“Толибон” ҳаракати 14 август куни Термиздан 58 км жанубдаги Мозори-Шариф шаҳрини эгаллади. Афғонистон шимоли амалда тўлиқ толиблар назоратига ўтди.

Термиз яқинидаги Ҳайратон кўприги

Балх вилояти маркази Мозори-Шариф шаҳри назорати йўқотилганини ҳукумат расмийлари ҳам тасдиқлаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Афғонистон армиясининг бир гуруҳ кучлари Амударё устидан ўтувчи, Термиз шаҳри яқинидаги Ҳайратон кўпригида Ўзбекистонга кириш илинжида тўплангани ҳақида хабарлар бор.

Эндиликда мамлакатдаги йирик шаҳарлардан фақатгина пойтахт Кобул расмий ҳукумат қўлида қолмоқда.

Washington Post хабарига кўра, АҚШ ўз фуқароларини эвакуация қилишни тўлиқ якунламагунга қадар “Толибон”дан Кобулга ҳужум қилмасликни сўраган. Якшанба кунига қадар 3 минг нафар америка аскари эвакуация жараёни хавфсизлигини таъминлаш учун Кобулга етиб келиши режалаштирилган.

CNN'нинг қайд этишича, сўнгги 10 кунда 34та вилоят марказининг 20га яқини толиблар назоратига ўтди.

“Ал-Арабия” телеканали толиблар Мозори-Шарифни амалда жангсиз қўлга киритганини хабар қилди. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби ҳукумат қўшинлари ўз позициялари ва маълум миқдордаги қуролларини ташлаб кетишган.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top