Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Тиллерсоннинг истеъфога чиқарилиши ҳақидаги хабарларни рад этди
АҚШ президенти Дональд Трамп давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг ўз лавозимини тарк этиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Трамп Тиллерсон билан баъзи масалалар бўйича турли фикрларга эга бўлса-да, у билан ҳамкорликни “яхши” деб баҳолади.
“Мен Рекс Тиллерсонни бўшатиб юборганим ёки у яқинда истеъфога кетишини маълум қилган ОАВ – сохта янгиликлардир! Бизда баъзи масалалар бўйича турли фикрлик бўлса-да (охирги қарорни барибир мен қабул қиламан), у ҳеч қаерга кетмайди. Биз биргаликда яхши ишламоқдамиз ва Американи яна ҳурмат қилишмоқда!”, деб ёзган Трамп твиттерда.
29 ноябрда New York Times нашри АҚШ маъмуриятидаги манбаларга таяниб, МРБ директори Майк Помпео Тиллерсоннинг ўрнини эгаллаши мумкинлигини маълум қилган.
Нашр маълумотларига кўра, Оқ уй аппарати бошлиғи Жон Келли бу борада режа тузиб қўйган ва уни бошқа юқори лавозимдаги амалдорлар билан келишиб қўйган.
Аввалроқ АҚШ оммавий ахборот воситалари Трамп Тиллерсоннинг фаолиятидан кўнгли тўлмаётгани ва уни бу лавозимдан бўшатишга тайёрлиги ҳақида маълум қилгандилар.