Light | 23:37 / 03.12.2017
132126
6 дақиқада ўқилади

Хурмонинг фойдали ва зарарли хусусиятлари

Фото: cdn.lifehacker.ru

Хурмо — мазали ва фойдали мева. Бироқ унинг салбий хусусиятлари ҳам мавжуд. "Лайфхакер" хурмо мевасининг фойдали хусусиятлари ва шу билан бирга зарари ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Хурмо нимаси билан фойдали?

Қаришни секинлаштиради ва кўриш қобилиятини яхшилайди

Барча апельсинранг меваларда бўлгани каби, хурмода ҳам бета-каротин кўринишидаги А витамини кўп. Организм 100 грамм хурмодан бу муҳим элементнинг 12 фоиз кундалик нормасини олиши мумкин.

А витамини — ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимояловчи, қариш жараёнини секинлаштирувчи ва саратон хавфини камайтирувчи кучли антиоксидант.

Бу витамин ўткир кўриш қобилияти гаровидир. Унинг етишмаслиги инсоннинг кечки пайт ва қоронғуда кўриш қобилиятининг ёмонлашувига олиб келади.

Бундан ташқари, бета-каротин қуёш остида куйиб кетмасликка ёрдам беради: у терини ультрафиолет нурларнинг зарарли таъсири, қуриш ва ёрилишдан ҳимоялайди.

Шуниси муҳимки, хурмода А витамини айнан бета-каротин кўринишида бўлади. Бу кўриш билан боғлиқ муаммолар, терининг кўчиши, суяклардаги оғриқлар ва буйраклар касалликларини келтириб чиқарувчи дозани ошириб юбориш хавфини камайтиради.

Иммунитетни мустаҳкамлайди

Хурмо ўз таркибидаги яна бир антиоксидант билан мақтана олади. Бу - иммунитет ҳимоячиси сифатида машҳур C витамини. 100 грамм мевада шу витамин кундалик нормасининг 10 фоизи мавжуд, у шамоллаш ва тумовнинг олдини олишда ёрдам беради. У профилактик восита сифатида самара беради. Агар йўтал ва бурун битиши бошланиб бўлган бўлса, хурмо буларни бартараф қилишга ожизлик қилади.

Кайфиятни кўтаради

Хурмода моносахаридлар: глюкоза ва фруктоза кўп бўлгани учун ҳам ширин. Бу шакарнинг энг фойдали тури. У юракни мустаҳкамлаб, кайфиятни кўтаради, қоматга эса сахарозачалик кучли таъсир кўрсатмайди. Шундай экан, хурмо - шоколад каби антидепрессант ва тинчлантирувчи ҳамдир, фақат калорияси камроқ: 100 граммида атиги 60-70 ккал бор.

Касалликлар билан курашади

Хурмода калий ва магнийнинг кўплиги — томирлар девори ва юрак мушаклари мустаҳкамлиги гарови.

Шишларни кеткизади

Хурмо пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга, чунки унда сув кўп. У инсон танасидан ортиқча сувларни чиқариб, шишларни кеткизишда ёрдам беради. Бунда организм калийни йўқотмайди: бу макроэлемент хурмо таркибида бор, шундай экан, йўқотишлар тўлдирилади.

Хурмо нимаси билан зарар?

Қабзиятни келтириб чиқаради

Афсуски, хурмонинг акс таъсири ҳам бор. Танин моддасининг кўплиги қабзиятни келтириб чиқариши мумкин. Бир неча йил мобайнида мунтазам равишда хурмо ейиш эса, ҳатто ошқозонда безоарлар - яхши ҳазм бўлмайдиган моддалардан иборат зич пуфакчалар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Терининг сарғайишига олиб келиши мумкин

Шуни ёдда тутиш лозимки, бета-каротиннинг организмда ҳаддан зиёд кўплиги терининг сарғайишига сабаб бўлиши мумкин, айниқса болаларда шундай ҳолат кузатилади. Бу соғлиқ учун хавф солмайди, ҳафтасига 2-3 килограмм таркибида каротин бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш терининг сарғайишига олиб келади.

Нечта хурмо ейиш мумкин?

Хурмони меъёрида истеъмол қилган маъқул. Соғлом катта ёшли кишиларга кунига 4 тадан кўп бўлмаган хурмо мевасини ейиш тавсия этилади.

Хурмонинг салбий таъсирларини камайтириш учун фақат яхши етилган меваларини енг: уларда танин камроқ.

Яхши етилмаган хурмо меваларини музлатгичга жойланса, улар етилиб, ширинроқ таъмга эга бўлади, салбий таъсир эса камаяди. Мевадаги танин миқдори камаяди, шунинг учун ичак билан боғлиқ муаммолардан қўрқмаслик мумкин бўлади.

Кимлар хавф гуруҳида?

Қабзиятга мойиллиги бўлган кишилар

Ёпишқоқ танин ошқозондаги нарсаларни "ёпиштиради". Бу хусусият қабзиятни енгишга ёрдам беради, бироқ қабзиятга мойиллиги бўлган кишиларнинг аҳволини қийинлаштиради.

Ортиқча вазнга эга кишилар

Фойдали моносахаридлар барибир қандлигича қолади. Шу боис ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларга кўп хурмо ейиш тавсия этилмайди: кунига 1-2 мева етарли бўлади.

Диабетиклар

Хурмо иккинчи турдаги диабетда тақиқланмаган, бироқ кундалик норма биттадан ортиқ бўлмаслиги керак, уни рационга секин-асталик билан, кичик бўлакдан бошлаб киритиш лозим.

Ҳар бир инсон организми хурмодаги қанд моддасига турлича реакция билдириши мумкин, шунинг учун диабетиклар унинг истеъмоли борасида шифокор билан маслаҳатлашганлари маъқул.

Ҳомиладор аёллар

Хурмони ҳомиладорлик даврида ейиш мумкин, бироқ яна ўша гап: унинг таркибида танин ва қанд кўплигини унутмаслик керак, зеро бу ортиқча вазн ва қабзият билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин.

Шундай бўлса-да, хурмонинг ҳомиладор аёллар учун фойдаси эҳтимолий салбий таъсирлардан устун. Витамин ва микроэлементларга бой  хурмони кунига 1-2 тадан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол қилиш ҳам она, ҳам ҳомила учун фойдали бўлади.

Болани она сути билан боқувчилар ҳар қандай мева каби хурмо ҳам болада аллергия келтириб чиқариши мумкинлигини ёдда сақлашлари лозим.

Болалар

3 ёшгача бўлган болаларнинг хурмо ейиши ножоиз. Бунга ҳам танин сабабчи, у болада қабзиятни келтириб чиқариши мумкин.

Боланинг нозик ичак трактига хурмонинг қандай таъсир кўрсатишини олдиндан билиб бўлмайди, шунинг учун 3-10 ёшли болаларга ҳам хурмони эҳтиёт бўлиб бериш зарур. Агар болада аллергия ёки ичак билан боғлиқ муаммолар сезилса, унинг истеъмолига дарҳол чек қўйинг.

Мавзуга оид