Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сув хўжалигидаги коррупция давлатга 70 млрд сўмдан ортиқ зарар етказган
Сўнгги икки ярим йилда сув хўжалиги тизимида 243 та коррупциявий жиноят содир этилган бўлиб, уларда 301 нафар ходим иштирок этган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 70 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинди.
26 июн куни Сув хўжалиги вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисга Олий Мажлис Сенати раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева раислик қилди.
Йиғилишда сув хўжалиги тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, 2024–2025 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида сув хўжалиги тизимида 301 нафар ходим томонидан 243 та коррупциявий жиноят содир этилган. Бу қонунбузарликлар натижасида давлат ва жамият манфаатларига 70 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.

Муҳокама давомида бюджет маблағларини талон-торож қилиш, сув тежовчи технологиялар учун ажратилган субсидиялардан ноқонуний фойдаланиш, сув фонди ерларини бошқаришдаги қонунбузарликлар, рақамлаштириш ишларининг сустлиги ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, соҳада жорий этилган «Ақлли сув» қурилмаларининг катта қисми ҳалигача тўлиқ самарали ишламаётгани танқид қилинди.

Мажлисда коррупцияга қарши курашишда асосий эътибор алоҳида ҳуқуқбузарликларни аниқлашга эмас, балки уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Сув хўжалиги вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига билдирилган таклифлар асосида 10 кун муддат ичида соҳадаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ҳамда уни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиш вазифаси юклатилди.

Мавзуга оид
19:03 / 24.06.2026
Ўз ишлаётган ташкилотдаги коррупция ҳақида хабар берганлар ҳимоя қилинади
18:43 / 24.06.2026
Коррупцияга қарши ички назоратчиларнинг хавфсизлиги кафолатланди
18:32 / 23.06.2026
Катта порахўрлар муддатининг охиригача “ўтиради”
16:35 / 23.06.2026