Жаҳон | 23:10 / 03.12.2017
14488
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Афғонистондан чегарадаги отишмани тергов қилишни талаб қилмоқда

Фото: AP Photo / Alexander Zemlianichenko

Тожикистон ички ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукуматига расмий нота жўнатиб, унда 2 декабрга ўтар кечаси Шамисиддини Шохин туманида юз берган қуролли можарони  тергов қилишни талаб қилди.

Тожикистон ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2 декабрь тахминан соат 19 ларда Шамсиддин Шохин туманининг Навобод деган тоғли жойида Афғонистоннинг 12 нафар фуқароси – контрабандачилар Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. У ерда қоидабузарлар тожик чегарачиларига дуч келганлар ва улар орасида отишма чиққан.

“Чегарани бузганлар чегарачиларнинг таслим бўлиш талабига жавоб беришмаган ва ўқ уза бошлашган. Оқибатда “Шўрообод” чегара отряди сардори, қоидабузарларни қўлга олиш бўйича операцияга бошчилик қилган полковник Хайриддин Ахтамов қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Яна 4 чегарачи жароҳат олган”, деб айтилган нотада.

Тожикистон миллий хавфсизлиги маълумотларига кўра, ушбу воқеа оқибатида 3 нафар афғон контрабандачиси йўқ қилинган, қолганлари эса Афғонистон ҳудудида яширинган. Воқеа жойида 4 та автомат ва 33 кг дан кўпроқ гиёҳванд модда аниқланган.  

Тожикистон ўз норозилик мактубини 3 декабрь куни жўнатди. Унда Афғонистон ҳукумати воқеа айбдорларини қўлга олиш, чегарани қўриқлашни кучайтириш ва келгусида бошқа бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича барча чоралар кўрилишига умид  билдирилган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид