14:30 / 04.12.2017
24544

Ўзбекистон ва Тожикистон чегара бўйича музокараларни тиклайди

Фото: News.tj

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара масалалари бўйича музокараларни қайта бошлайди, дея хабар бермоқда Тожикистон телеграф агентлиги (ТожикТа).

Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ҳукумат комиссиялари икки давлат ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича беш йил олдин тўхтатиб қўйилган ишни қайта тиклайдилар. Тожикистон ҳукумати томонидан Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал этиш бўйича комиссиянинг янги таркиби тузилди, дея хабар берган Тожикистон Республикаси ҳукуматидаги манба.

Манба маълумотларига кўра, бош вазир Коҳир Расулзода Тожикистон ҳукумат комиссиясининг янги таркибини бошқаради. Таркибга бош вазир ўринбосари Азим Иброҳим, Ер тузилиши ва геодезия давлат қўмитаси раиси Ражаббой Аҳмадзода, адлия вазири Рустам Шоҳмурод, ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов ва бошқа амалдорлар ҳам кирган. Рўйхатда жами 19 кишининг номи келтирилган.

Тожикистон Ер тузилиши ва геодезия давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1332 км.ни ташкил этади. Умумий чегаранинг 105 километри дарё орқали ўтса, қуруқликдаги чегара 1227 километрга тенг.

Умумий чегаранинг тахминан 1240 километри делимитация ва демаркацияси бўйича келишув мувофиқлаштирилган, имзоланган ва ратификация қилинган.

«Тожикистон-Ўзбекистон чегарасининг тахминан 93 километрлик қисми баҳсли бўлиб қолмоқда, ҳамда бу баҳс яқин вақт ичида ҳал бўлади», - дея айтиб ўтганди Ер тузилиши ва геодезия давлат қўмитаси раҳбари Ражаббой Аҳмадзода жорий йилнинг ёзида журналистларга.

Top