Ўзбекистон | 12:35 / 05.12.2017
30434
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистон аҳолиси рўйхатга олинади

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Бутун дунё мамлакатлари 2020 йили аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам бу вақтгача норматив ҳужжатлар қабул қилинса, Давлат статистика қўмитаси бу ишни амалга оширишга шай. Бу ҳақда Қўмита раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев ХПК сессиясида маълум қилди. 

Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси охирги маротаба мустақилликдан аввал, 1989 йилда рўйхатга олинган. Ваҳоланки ривожланган давлатларда бундай тадбир ҳар 10 йилда ташкил қилинади. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг муҳимлиги шундаки, у ўз ичига кўп нарсаларни қамраб олади. 

“Бу орқали аҳоли сони, таркиби, таълим даражаси, турар жой билан таминланганлиги, соғлиқни сақлаш ва бир қанча кўрсаткичларга ойдинлик киритилади. БМТ таклифига асосан 1989 йилдан кейин мунтазам равишда республика аҳоли сони бўйича маълумотлар ИИВ ва Адлия вазирлигининг ФҲДЁ бўлимларидан туғилганлик, вафот этганлик, фуқаронинг кўчиб кетганлиги ёки келганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда шакллантириб борилади”, - деди Зиёдуллаев. 

Давлат статистика қўмитаси Раисининг ижтимоий статистика бўйича ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Унинг айтишича, сўнгги маълумотларга биноан, 2017 йилнинг илк 9 ойи мобайнида Ўзбекистон аҳолиси 32,5 миллион кишини ташкил этган. Шундан 523 минги янги туғилган чақалоқ бўлса, 116 мингдан ортиқ фуқаро вафот этган. 192 мингдан зиёд никоҳ рўйхатдан ўтган, 23 минг оила ажралишга қарор қилган. 

“Кўчиб келган фуқаролар сони 120 мингни ташкил қилди, 136 мингга яқин фуқаро бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ёки хорижга кўчиб кетди. Бундан кейин, Президент фармойишига асосан ҳар 10 йилда 1 марта аҳолини қайта рўйхатдан ўтказиш тадбири йўлга қўйилади. Ҳукумат томонидан топшириқ берилгандан сўнг бу тадбир амалга оширилади. Бутун дунёда 2020 йилда бу тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўша кунгача норматив ҳужжатлар тайёр бўлса, қўмита бу амалиётни ўтказишга ҳар доим шай. Бунинг учун қўмита ходимлари БМТ тренингларида иштирок этиб, ўз тажрибаларини оширмоқдалар”, - деди Зиёдуллаев Халқаро Пресс-клуб сессиясида.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид