Жамият | 10:25 / 05.12.2017
25507
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада болалар ризқига чанг солган боғча мудиралари жазога тортилди

Фото: KUN.UZ

Мамлакатда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом этиб тарбиялашда мактабгача таълим тизимининг аҳамияти жуда катта. Шу боис давлат томонидан бу тизимни янада ривожлантириш учун кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шундай бўлса-да, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қиладиган қонунбузарлик ҳолатлари, камчилик ва нуқсонлар учраб турибди. Фарғона вилоятидаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида содир этилган қонунбузарлик ва жиноятларнинг фош этилгани тизимда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи долзарб эканлигини кўрсатмоқда, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Халқимизда бировнинг ҳақига хиёнат қилиш қораланади.

Бешариқ туманидаги 37-сонли мактабгача таълим муассасасида мудира лавозимини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаётган Р.Яхшиева буни яхши биларди. Бироқ, билиш бошқа, унга амал қилиш бошқа. Бунинг учун инсонда инсоф-диёнат, ҳаромдан ҳазар қилиш хислати шаклланган бўлиши керак. Мудирада ана шундай эзгу хислат етишмаган чоғи, муассаса хўжалик ишлари мудири М.Бобоев, таъминотчилар М.Тўраев ва Б.Усмонов билан тил бириктирди. Шу тариқа болалар боғчасига аслида олиб келинмаган ун, сариёғ, гўшт, гречиха каби маҳсулотлар таомномага қўшиб ёзилади. Расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали 26 млн. 580 минг сўмдан зиёд бюджет маблағи нафс бандалари томонидан талон-торож қилинади.

Бу каби инсофини еб қўйган кимсалар шу тумандаги 33-сонли мактабгача таълим муассасасига ҳам ин қўйиб олишган экан. МТМ мудираси Иқболой Мирзаева ҳамшира Зулфия Ҳайитова ва бош ошпаз Нафиса Жиянбоевани ҳам ғаразли ният бирлаштирди. Улар болалар ризқига чанг солишнинг бошқача ғайриқонуний усулларини қўллашди. Таъминотчи корхоналар томонидан етказиб берилган 15.902,5 минг сўмлик гўшт маҳсулотлари болаларга буюрмаган, аксинча, терговда аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга нақд пулга сотиб юборилган экан. Мудира жиноий ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида шахсан ўзи сохта таомномалар тузди. У шу тарзда жиноятни яширишга уринса-да, қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқди.

Афсуски, қонунбузарлик ҳолатларига Ўзбекистон туманидаги 21-мактабгача таълим муассасасида, 30-сонли давлат махсус мактабгача таълим муассасасида ҳам йўл қўйилгани аниқланган. Юқорида номлари тилга олинган шахслар суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Мактабгача таълим муассасаларида юқоридаги каби қонунни назар-писанд қилмайдиган кимсаларга ўрин бўлмаслиги керак. Чунки фарзандлар тарбияси юртнинг келажагини белгиловчи мезонлардан биридир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид