Жаҳон | 13:30 / 05.12.2017
17971
2 дақиқада ўқилади

Time журнали ўқувчилари “Йил одами”ни аниқлашди 

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Time журнали ўқувчиларининг онлайн-овоз бериши якунларига кўра “Йил одами-2017” деб эълон қилинди.

Шаҳзода учун кишилар 24 фоизи ўз овозини берди.

Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд
Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси 4 ноябрь куни ташкил этилган коррупция билан кураш бўйича қўмитага раҳбар этиб тайинланди, эртаси куни эса у ҳукмрон оиланинг 11 аъзоси ва 40 дан ортиқ таниқли давлат арбоблари, нуфузли собиқ амалдорлар ҳамда тадбиркорларни пулларни ўзлаштириш, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатларда фойдаланиш, йўқ бўлган келишувларни имзолаш ва пора олиш айблови билан қўлга олиш ҳақида топшириқ берди.

Иккинчи ўринни #MeToo ("мен ҳам") кампанияси иштирокчилари эгаллади. Улар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бўлиб, шилқимликлар қурбонига қандай айланганликлари ҳақида айтиб беришган – нашр ўқувчиларининг 6 фоиз овози.

Учинчи ўринни американча футбол бўйича ўйинчи Колин Каперник, АҚШнинг Россия иши бўйича махсус прокурори Роберт Мюллер ва "Орзу қилувчилар" (Dreamers) – АҚШга ноқонуний келган ота-оналари томонидан олиб келинган ёшлар 5 фоизлик овозлар билан бўлишиб олди.

Ўтган йили ўқувчиларнинг овоз бериш жараёнида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди етакчиликни қўлга киритганди. Журнал ўқувчиларининг танлови, одатда, таҳририят қароридан фарқ қилади.

Рейтинг ғолиби ва “Йил одами” унвони соҳиби эртага, 6 декабрь куни эълон қилинади.

Time журнали талқини бўйича “Йил одами” 1927 йилдан бери ҳар йили аниқлаб келинади. 1950-йилларга қадар аниқ шахслар лауреатга айланган бўлишса, кейинчалик абстракт персонажлар ҳам унвонни қўлга киритган.

Мавзуга оид