Жаҳон | 20:52
1699
9 дақиқада ўқилади

Саудия етакчиси Трампни Эрондаги урушни давом эттиришга ундамоқда – New York Times

Аслида урушдан четланишни афзал кўрган Муҳаммад бин Салмон АҚШ ярим йўлда тўхтаса, Саудия Арабистони ва араблар дарғазаб Эрон билан ёлғиз қолишидан хавотирланмоқда. Бундан ташқари, валиаҳд шаҳзода минтақани қайта шакллантириш учун урушни «тарихий имконият» сифатида кўрмоқда, дейди NYT манбалари.

Доналд Трамп Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга Оқ уйни кўрсатмоқда, 2025 йил 18 ноябр / Фото: Getty Images

Саудия Арабистонининг де-факто раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон АҚШ президенти Доналд Трампни Эронга қарши урушни давом эттиришга ундаб келмоқда. New York Times'нинг суҳбатлар мазмуни билан таништирилган манбаларига кўра, ўтган ҳафтада ўтказилган қатор мулоқотларда бин Салмон Трампга Эроннинг муросасиз ҳукуматини йўқ қилиш сари интилиш зарурлигини етказган.

Мулоқотдан хабардор шахсларга кўра, Трамп баъзида урушни тўхтатишга мойил бўлиб кўринган. Бироқ валиаҳд шаҳзода бу хато бўлишини таъкидлаб, Теҳрон ҳукуматини заифлаштириш учун Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба беришни сўраб келмоқда.

Times нашри Муҳаммад бин Салмоннинг Доналд Трампга маслаҳат беришдаги роли ҳақида турлича қарашларга эга бўлган одамлар билан анонимлик асосида суҳбатлашган. Авторитар қироллик вакили бўлган валиаҳд шаҳзода Трамп томонидан ҳурмат қилинади ва у илгари ҳам президентнинг қарорларига таъсир кўрсатган.

Сўнгги кунларда Доналд Трамп Эрон нефть инфратузилмасининг ўзаги бўлган Харг оролини эгаллаш бўйича ҳарбий операцияни жиддийроқ кўриб чиқмоқда. Армия ҳаво-десант кучлари ёки денгиз пиёдаларининг десант ҳужуми билан ўтказиладиган бундай операция ўта хавфли бўлиши мумкин. Бироқ, МБС Қўшма Штатлар Эрон энергетика инфратузилмасини эгаллаш ва режимни ҳокимиятдан четлатиш учун қўшин киритишни ёқлаб чиққан.

Саудияни қўрқитаётган иқтисодий оқибатлар

Саудия ва АҚШ ҳукуматидаги мулозимлар, агар низо чўзилиб кетса, Эрон нефт иншоотларига янада оғирроқ зарбалар беришидан ва АҚШ чексиз урушга ботиб қолишидан хавотирда.

Саудиядаги Рас-Танура нефтни қайта ишлаш заводининг Эрон дрони ҳужумидан кейинги сунъий йўлдош тасвири / Фото: Reuters

Урушнинг Саудия Арабистони иқтисодиёти ва миллий хавфсизлиги учун оқибатлари эса жуда катта. Уруш бошланганидан бери Эрон Ҳўрмуз бўғозини деярли тўсиб қўйди ва минтақанинг энергетика саноатини фалаж қилди.

Саудия, БАА ва Кувайт нефтининг катта қисми халқаро бозорларга чиқиш учун ушбу бўғоздан ўтиши керак. Саудия Арабистони ва БАА бўғозни четлаб ўтиш учун қувурлар қурган бўлса-да, бу муқобил йўналишлар ҳам ҳужумга учради.

Саудия ҳукумати фикрлашидан хабардор таҳлилчиларнинг айтишича, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон урушдан четланишни афзал кўрган. Аммо, у ҳозирда Доналд Трамп ортга чекинса, Саудия Арабистони ва Яқин Шарқнинг қолган қисми кучайган ва дарғазаб Эрон билан яккама-якка қолишидан хавотирланмоқда. Қироллик расмийларининг фикрича, ярим йўлда тўхтатилган ҳужум – Саудия Арабистонини Эроннинг мунтазам ҳужумлари остида қолдиради. Бундай сценарий, шунингдек, Эронга Ҳўрмуз бўғозини вақти-вақти билан ёпиш имкониятини ҳам бериши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, валиаҳд шаҳзода билан суҳбатларда Трамп нефть нархи ва унинг иқтисодиётга етказаётган зарари бўйича хавотир билдирган. Саудия етакчиси эса бу ҳолат вақтинчалик эканига уни ишонтирган.

Рас-Танура нефтни қайта ишлаш заводи ҳужумдан сўнг / Фото: Reuters

Бироқ, Америка ва минтақадаги расмийлар нефть бозорлари урушдан кейин тезда тикланишига шубҳа билан қарашмоқда. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони уруш келтириб чиқарган тақчилликни қоплай олмайди. Чунки унинг қуруқликдаги қувури Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефтнинг фақат бир қисмини ташишга қодир.

Саудия Арабистони Ҳўрмуз бўғози ёпилишига бардош бериш борасида Кўрфазнинг бошқа мамлакатларига қараганда яхшироқ ҳолатда. Аммо, агар сув йўли тез орада қайта очилмаса, қироллик ҳам даҳшатли оқибатларга дуч келиши мумкин.

Трамп арабларга қулоқ солмади

Доналд Трамп Кўрфаздаги бир неча ҳукуматлар маслаҳатига қарши ўлароқ уруш бошлади. Шундан сўнг Эрон минтақа давлатларига минглаб ракета ва дронлар отиш билан жавоб қайтармоқда. Бу эса арабларнинг Эронни ўз томонига оғдириш борасидаги саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқарди.

«Илгари мавжуд бўлган арзимас ишонч ҳам бутунлай йўқолди», деди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон ўтган ҳафта журналистларга.

АҚШнинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими / Фото: Reuters

Саудия Арабистони ўзининг нефть конлари ва шаҳарларига ёғилаётган Эрон зарбаларидан ҳимояланиш учун Patriot ракеталарининг катта захирасига эга. Бироқ, бундай тутиб қолувчи ракеталар бутун дунё бўйлаб танқис бўлиб қолган.

Саудияга урилаётган дрон ва ракеталар эса аллақачон нефтни қайта ишлаш заводи ва АҚШ элчихонасига зарба берди. Тутиб қолинган снарядлар парчалари эса икки бангладешлик мигрантнинг ҳаётига зомин бўлди, ўндан ортиқ тинч аҳоли жароҳатланди.

Мақсадлар ва келажакдаги хавотирлар

Аслида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам Эронни узоқ муддатли таҳдид деб билади. Бироқ таҳлилчиларнинг таъкидлашича, исроиллик расмийлар ички тартибсизликлар гирдобида қолиб, Исроилга хавф сола олмайдиган «инқирозли Эрон давлати»ни ғалаба деб ҳисоблаши мумкин.

Саудия Арабистони эса Эрондаги давлат тизими қулашини жиддий ва тўғридан-тўғри хавфсизлик таҳдиди деб билади. Саудия расмийлари Эрон ҳукумати ағдарилган тақдирда ҳам, ҳарбийлар ёки қуролли гуруҳлар подшоҳликка ҳужум қилишни давом эттиришидан, асосан нефть объектларини нишонга олишидан қўрқишади.

Саудия ва Эрон узоқ йиллардан буён минтақада ва Ислом оламида етакчилик учун кураш олиб боради

Шу боис, валиаҳд шаҳзода Эрон – Форс кўрфази учун узоқ муддатли хавф туғдиришини ва буни фақат ҳукуматни алмаштириш орқали бартараф этиш мумкинлигини уқтирган.

Бошқа бир разведка таҳлилчилари эса валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон – ушбу урушни бутун Яқин Шарқда Саудиянинг таъсирини ошириш учун имконият сифатида кўраётганини айтган. Шаҳзода уруш давом этган тақдирда ҳам қироллик ўзини ҳимоя қила олишига ишонмоқда.

Уруш бошланишидан олдин бин Салмон Саудия Арабистонини глобал бизнес марказига айлантириш учун ўз олдига қўйган Vision-2030 борасида молиявий муаммоларга дуч келаётган эди. Унинг ҳукумати келгуси бир неча йил учун бюджет тақчиллигини прогноз қилмоқда. Чунки мегалойиҳалар ва сунъий интеллектга тикилаётган улкан сармоялар давлатнинг чекланган имкониятларини зўриқтириб қўймоқда.

Эрон билан узоқ давом этган уруш эса буларнинг барчасини хавф остига қўяди. Валиаҳд шаҳзоданинг муваффақияти – инвесторлар ва туристлар учун хавфсиз муҳит яратишга боғлиқ.

Саудиянинг ўзи урушни тўхтатишга уринаётганини айтди

NYT’нинг келтиришича, Саудия Арабистони расмийлари «Валиаҳд шаҳзода урушни узайтиришга ҳаракат қилмоқда» деган фикрни рад этган.

«Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳар доим, ҳатто бу низо бошланишидан олдин ҳам уни тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлаган», дейилади Саудия ҳукумати баёнотида. Шунингдек, расмийлар «Қироллик Трамп маъмурияти билан яқин алоқада қолаётгани ва мажбуриятлар ўзгаришсиз экани»ни қайд этган.

«Бугунги асосий вазифамиз — халқимиз ва фуқаролик инфратузилмамизга қилинаётган кундалик ҳужумлардан ўзимизни ҳимоя қилишдир. Эрон жиддий дипломатик ечимлар ўрнига хавфли провокацияларни танлади. Бу барча манфаатдор томонларга, айниқса Эроннинг ўзига зарар етказмоқда», дея қўшимча қилди қироллик расмийси.

Шу ойда Ар-Риёддаги АҚШ элчихонасига Эрон дронлари ҳужум қилди / Фото: NYT

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт эса маъмурият «АҚШ президентининг шахсий суҳбатларига изоҳ бермаслигини» айтди.

Ўтган ҳафта ҳам Саудия ҳукумати расмийси урушнинг зудлик билан тугашини ёки Эроннинг имкониятлари йўқ қилинадиган узоқ можарони афзал кўрадими, деган саволга дуч келганди.

Ўшанда қироллик ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон журналистларга «расмийларни ўйлантираётган ягона нарса — Эроннинг Саудия Арабистони ва қўшни давлатларга ҳужумларини тўхтатиш» эканини айтган.

«Биз ушбу ҳужумларни тўхтатиш учун барча воситаларимиздан — сиёсий, иқтисодий, дипломатик ва бошқалардан фойдаланамиз», деган шаҳзода Файсал.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид