Спорт | 09:20 / 05.12.2017
14720
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2018’га қуръа ташлашда фириб қўлланган бўлиши мумкинлиги истисно қилинди

Фото: Interfax.ru

2018 йилги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси раиси Алексей Сорокиннинг айтишича, жаҳон чемпионати финал босқичига қуръа ташлаш жараёнининг ҳалол ўтказилганига шубҳа бўлиши мумкин эмас.

“Бутун дунё қуръа ташлаш қандай ўтгани ва уни ким ўтказганини кўрди. Маросимнинг шаффофлиги борасида менда шубҳа йўқ”, деб айтган Сорокин “Интерфакс” ахборот агентлигининг тегишли саволига жавобан. 

Баъзи ОАВда Россиянинг ФИФА рейтингида паст ўринларда жойлашган терма жамоалар билан бир гуруҳга тушиши ақлбовар қилмас омад деб аталган. Бугунги кунда Россия терма жамоаси ФИФА рейтингида 65-ўринни, у билан бир гуруҳдан ўрин олган Саудия Арабистони 63-ўринда, Миср 31-ўринда ва Уругвай 21-ўринда жойлашган.

Сорокиннинг айтишича, қурьа ташлаш вақтида “қиздирилган шарчалар” билан боғлиқ ҳолат уйдирмадир, бу жараён қайта-қайта текширилади, ҳеч ким анчадан бери бундай қилмайди, агар умуман кимдир шундай қилган бўлса, бу эртакдир”.

“Шарчалар махсус хонада сақланган ва қуръа ташлаш жараёнида иштирок этган одамлар мақоми унинг мутлақ ҳалоллигига кафолат ҳисобланади”, деб айтган Сорокин.

У Россияга рақиблар билан омад кулиб боққани ҳақидаги саволга “Бошқачасига бўлиши ҳам мумкин эмас”, деб жавоб қайтарди.

Аввал таъкидланганидек, жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида унда иштирок этаётган иккита энг кучсиз жамоа – Россия ва Саудия Арабистони учрашади.

Мавзуга оид