18:30 / 07.12.2017
32432

«Бавария»нинг қасоси ва Неймардан зўр Роналду. ЕЧЛда гуруҳ босқичи якунлари

5-6 декабрь кунларида Европа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг охирги тур учрашувлари ўтказилди ва плей-оффга чиққан 16 жамоа номи маълум бўлди. Охирги тур ўйинларидан кейин «МЮ», «Базель», «Рома», «Челси», «Ювентус», «Ливерпуль», «Севилья», «Порту» ва «Шахтёр» жамоалари кейинги босқич масаласини ҳал қилди.

А гуруҳи. «Бенфика»нинг «евродаҳшати»
«МЮ» 2-1 ЦСКА, «Бенфика» 0- 2 «Базель»

Ўтган асрда Бела Гуттманнинг қарғишига қолган «Бенфика» («Бенфика»ни 1961 ва 1962 йилларда Европа Чемпионлари кубоги/Чемпионлар Лигаси ғолиби қилган венгриялик мутахассис кейинги йилда ҳайдаб юборилади. У ўшанда жамоага кейинги 100 йилда бирон марта халқаро майдонда ғолиб бўла олмасликни тилайди. Шундан бери португаллар 8 марта финалда ютқазган - 5 марта ЕЧК/ЕЧЛда, 3 марта УЕФА Кубоги/Европа Лигасида) бу мавсумда парокандаликка учради. Жамоа 5 турдан кейин бирон очкосиз, тўплар нисбати 1-12 ҳолатида эди. «Базель»га қарши охирги тур ўйинида Португалия чемпиони ўз мухлислари учун ўйнаши талаб этиларди. Аммо швейцарларга ғалаба зарур эди ва иккита бўлимда биттадан гол урган меҳмонлар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда кейинги босқичга йўл олди. Мавсумлар оралиғида Эдерсон, Линделеф, Семеду ва Митрўғлининг кетгани лиссабонликлар ўйинига жиддий таъсир кўрсатди. «Бенфика» Гутманнинг қарғишидан халос бўлиши учун 2062 йилгача кутиши керак бўлади.

«МЮ» эса 3 йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтишини яхши ўтказди. Жамоа охирги турда ЦСКА устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Москваликлар жамоаси иштирокини Европа Лигасида давом эттиради.

В гуруҳи. «Карло ота учун қасос»
«Бавария» 3-1 «ПСЖ», «Селтик» 0-1 «Андерлехт»

Куннинг марказий учрашувидаги 4 голдан 3тасини французлар уришди. «Бавария»нинг франциялик легионери Толиссо дублга эришди, Мбаппе парижликларнинг ягона голига муаллифлик қилди. «ПСЖ» кўп ҳужум қилди, аммо ютқазди. Ютқазсада Унай Эмери шогирдлари тўплар нисбатидаги устунлик эвазига кейинги босқичга биринчи ўрин билан чиқди. Аммо бу мағлубият туфайли жамоа тарихий натижани – гуруҳда 6 ўйинда 6 ғалабага эришиш натижасини қайд эта олмади. Лекин «ПСЖ» урилган голлар сонига кўра турнирда рекорд ўрнатди – 25 гол (ҳар бир ўйинга ўртача 4,17 гол). Турнирнинг бу босқичида парижликлардан кўра томошабоп ўйин кўрсатган жамоа бўлмади. Бу жамоага Неймар келиб қўшилгани эвазигадир. Аммо Неймарга гуруҳнинг барча 6 ўйинида гол уриш насиб этмади. Бу мақомни кейинги кунги ўйинларда бошқа бир футболчи қўлга киритди.

Айтиш мумкинки, немислар жамоаси биринчи даврада «ПСЖ»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан (0:3) кейин истеъфога чиқарилган Карло Анчелотти учун ўзига хос тарзда қасос олишди.

Гуруҳ аутсайдерлари «Селтик» ва «Андерлехт» ўртасида Европа Лигаси учун жанг бўлди. Шотландияда кечган учрашувда бельгияликлар 3та тўп фарқи билан ғалаба қозонса гуруҳда учинчи ўринни эгаллаши мумкин эди. Аммо ўйинда меҳмонларнинг бир гол устунлигидаги ғалабаси қайд этилди ва «Селтик» Европа Лигасида иштирокини давом эттирадиган бўлди. «Андерлехт» эса кейинги 12 йилда илк марта ЕЧЛда ғалабасини нишонлаш билан чекланди.

С гуруҳи. Симеоне ва Чемпионлар Лигаси бир-биридан айро|
«Челси» 1-1 «Атлетико», «Рома» 1-0 «Қорабоғ»

С гуруҳи 6 турдан кейин етакчи ўзгарган ягона жамоа бўлди. Лондондаги дуранг «Челси»ни ҳам, «Атлетико»ни ҳам қониқтирмасди, барчаси «Рома»нинг ўз қўлида эди. Римда сенсация кузатилмади. «Рома»нинг аутсайдер устидан кичик ҳисобдаги ғалабаси гуруҳда биринчи бўлиш учун кифоя қилди. 

«Стэмфорд Бриж»даги ўйин сюжети «Атлетико»нинг бу мавсумдаги ҳолатини акс эттирди. Мадридликлар рақиб дарвозасига ҳам, ўз дарвозасига ҳам гол уришди. Улар бу мавсумда фақат ўзларига муаммо яратиш билан машғул ва натижада кейинги 7 йил ичида илк марта ЕЧЛ гуруҳида қолиб кетишди. Охирги йилларда жамоасини доимо турнирнинг ярим финал ва финалларида ўйнатган Симеоне ҳам илк марта Европа Лигасида иштирок этадиган бўлди.

D гуруҳи. Буффон - плей-офф
«Олимпиакос» 0-2 «Ювентус», «Барселона» 2-0 «Спортинг»

Икки бўлимда ҳам ғалабага эришиш - энг яхши ғалабадир. «Ювентус» Грецияда бунга ўз кучи билан эришди. Ўйин қаҳрамони бу ўйинда майдонга тушмаган Буффон бўлди. Гап шундаки, «Олимпиакос» клуби раҳбарияти уни фаолиятидаги ютуқлари учун мукофотлади. Грек клуби вице-президенти Саввас Теодоридис Жижининг мухлиси чиқиб қолди.

«Барселона»дагилар Мессини эҳтиёт қилиш кераклигини яхши тушунишади, 5-турда ҳам захирада қолдирилган аргентиналик футболчи иккинчи бўлимда Пако Алькасернинг голидан кейин майдонга туширилди. У гол урмади, уни хафа бўлди деб бўлмайди. Унинг ўрнига собиқ жамоадоши Жереми Матье гол уриб берди, у «Барса» учун «Спортинг»га ўтганидан кейин ҳам гол урмоқда. Қайд этиш керакки, бу автогол жорий мавсумда каталонияликлар фойдасига урилган олтинчи автогол бўлди. Ижтимоий тармоқларда «Барселона»нинг «Автогол» исмли футболчиси Луис Суаресдан самаралироқ экани ҳақида ҳазиллар ёзишмоқда.

E гуруҳи. «Спартак»нинг «қўрқинчли туши»
«Ливерпуль» 7-0 «Спартак», «Марибор» 1-1 «Севилья»

«Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ва пешқадам сифатида якунлади. «Ливерпуль» мусобақанинг жорий мавсумида энг йирик натижани қайд этиб, Словенияда «Марибор» устидан 7:0 ҳисобида зафар қучганди. Орадан кўп ўтмай, Юрген Клопп шогирдлари бу муваффақиятни иккинчи бор такрорлади ва Россиянинг амалдаги чемпиони ҳисобланган «Спартак» дарвозасига ҳам жавобсиз 7 та гол уришнинг уддасидан чиқа олишди.

Гуруҳдаги иккинчи беллашувда «Севилья» дуранг қайд этди ва навбатдаги босқичга йўлланма олди. «Спартак» эса халқаро майдондаги юришини Европа Лигасида давом эттиради.

F гуруҳи. Гвардиола ваъдасида тура олмади, Фонсека турди
«Шахтёр» 2:1 «Манчестер Сити», «Фейеноорд» 2:1 «Наполи»

«Шахтёр»га кейинги босқичга чиқиш учун дуранг ҳам кифоя қиларди. «Кончилар» Англия клубларига шу вақтга қадар ўз уйида ҳеч қачон ютқазмаганди (4 ғалаба ва 2 дуранг) ва навбатдаги ўйинда бу анъана давом эттирилди. Бу ўйингача «Манчестер Сити» йўлланмани ҳал қилиб бўлган ва кейинги ҳафтада «МЮ»га қарши ўйинга асосий ўйинчиларини асраш учун Хосеп Гвардиола иккинчи таркиб футболчилари билан сафар қилганди. Ўйин «Сити»нинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди ва «шаҳарликлар» жорий мавсумда 22 учрашувдан иборат мағлубиятсиз сериясини (21 ғалаба ва 1 дуранг) тўхтатди.

Ўйин арафасида Гвардиола Донецкда ғалаба қозониб, «Наполи»га ёрдам бермоқчилигини айтганди. Аммо Роттердамдаги ўйиндан аввал Лоренцо Инсиньени йўқотган Маурисио Сарри жамоаси ўз учрашувида ҳам ғалаба қозона олмади. «Фейеноорд» илк очколарини қўлга киритди, итальянлар эса Европа Лигасига йўл оладиган бўлди.

«Шахтёр» мураббийи ўйиндан кейинги матбуот анжуманига «Зорро» ниқоби остида ташриф буюрди. 

Ноябрь ойи бошида Паулу Фонсека ваъда берганди: «Агар биз Чемпионлар лигасида плей-оффга чиқсак, мен матбуот анжуманига Зорро қиёфасида келаман». 

«Шахтёр» охирги турда «Сити»ни мағлуб этиб, вазифани уддалади, Фонсека ваъдани бажарди. 

G гуруҳи. «Бешиктош» мағлубиятсиз якунлади
«Порту» 5:2 «Монако» «РБ Лейпциг» 1:2 «Бешиктош»

«Порту» ва «Лейпциг» бир хилда очко тўплаган ва иккинчи ўрин учун курашаётганди. Португалияликлар охирги турда иштиёқсиз «Монако»ни енгиши талаб этиларди ва бу иш ортиғи билан уддаланди - 5:2.

«Бешиктош» барча прогнозларни йўққа чиқарди ва гуруҳ ўйинларини мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи ўринни эгаллади. Турклар биринчи, португаллар иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқди, «Лейпциг» имкониятини Европа Лигасида синаб кўради, ўтган мавсумда ЕЧЛ ярим финалига чиққан «Монако» эса ёзда ўз етакчиларини сотиб кучсизланиши туфайли гуруҳда охирги ўринда қолди.

H гуруҳи. Роналдунинг навбатдаги рекорди
«Реал» 3:2 «Боруссия», «Тоттенҳэм» 3:0 АПОЭЛ

«Реал» бу ўйинда шунчаки ўйнаши керак эди, биринчи ўрин учун имконият бой берилган, иккинчи ўрин нақд қилинган. Бу ўйинда фақат Криштиану Роналдуда иштиёқ бор эди. У турнирнинг гуруҳ босқичида барча ўйинларда гол уриш орқали, Неймарга насиб қилмаган натижага эришиб, рекордчига айланиши мумкин эди. Ва шундай бўлди ҳам. У 6 учрашувда 9 гол урди, унинг жорий календар йилида ЕЧЛ ўйинларида урган голлари сони 19тага етди.

«Боруссия» Чемпионлар лигаси тарихида 2 очко билан ҳам Европа Лигасига йўлланма олган илк жамоага айланди. Бу очколар АПОЭЛга қарши ўйинларда қўлга киритилган, «Тоттенҳэм» ва «Реал»га қарши ўйинларда немислар ютқазган. Ҳатто «Виктория Пльзень» ва «Лудогорец» ҳам ўз вақтида 3 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринни эгаллаганди.

«Боруссия» барча турнирлар доирасида қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозона олмади. Бу жамоанинг 2009 йилдан буён энг ёмон кўрсаткичидир.

Кипрликлар «Уэмбли»да «Тоттенҳэм»га қарши ҳеч нарса қила олишмади. Ҳарри Кейн йўқ бўлсада, Фернандо Льоренте, Сон Хен Мин ва Нкуду унинг йўқлигини билдиришмади ва лондонликлар жамоаси гуруҳни мағлубиятсиз якунлаб қўйишди.

Илк марта бир мамлакатдан 5 жамоа ЕЧЛ плей-оффида қатнашади

Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида иштирок этадиган 16 жамоадан 5таси Англия чемпионати вакили. Турнир тарихида бу босқичда бир мамлакатдан 5 жамоа иштирок этиши илк марта кузатилмоқда.

Кейинги босқичга Англиянинг 5 жамоаси – «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» жамоалари гуруҳларда биринчи ўрин билан, «Челси» иккинчи ўрин билан йўл олган.

Англиянинг турнирда иштирок этган барча жамоаси гуруҳдан чиқиши бундан аввал 2006/07 йилги мавсумда кузатилган, аммо ўшанда АПЛдан фақат 4 жамоа турнирда қатнашганди.

«МЮ» бу мавсумда ўтган йилги Европа Лигаси ғолиби сифатида Англиянинг бешинчи вакили бўлиб иштирок этмоқда. ЕЧЛнинг 1/8 финалида Англиянинг барча жамоаси иштирок этиши 6 марта, Испанияда 4 марта ва Германияда 2 марта рўй берган.

Гуруҳ босқичи сермаҳсуллик рекордини янгилади

2017/18 мавсум гуруҳ босқичида ўтказилган 192та ўйинда 306та гол урилди. Бу турнир тарихидаги энг яхши кўрсаткич бўлди.

«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду 9та гол билан гуруҳ босқичининг энг яхши тўпурари бўлди.

«ПСЖ» 25та гол билан энг сермаҳсул жамоага айланди. 23 та гол урган «Ливерпуль» бу борада иккинчи бўлди.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top