Криштиану Роналду 41 ёшида Саудия Арабистонидаги илк расмий совринини қўлга киритди. «Ан-Наср» Саудия Про-Лигаси сўнгги турида аутсайдер «Дамақ» устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва чемпионликни расмийлаштирди.

«Ан-Наср» – «Дамақ» 2:1
Голлар: Мане, 34 (1:0). Коман, 52 (2:0). Силла, 58 – пеналти (2:1). Криштиану Роналду, 63 (3:1). Криштиану Роналду, 81 (4:1)
«Ан-Наср»: Бенту, Ал-Амри, Иниго Мартинес, Симакан, Ал-Бушал (Ал-Шарарий, 90+2), Ал-Ҳайбарий, Криштиану Роналду (Ал-Ҳамдан, 87), Мане (Ғариб, 87), Коман, Яҳё (Анжелу Габриэл, 85), Жоау Феликс
«Дамақ»: Кевин, Силла, Бедран, Рабеи (Давид Каики, 61), Абдулла, Ал-Ҳавсавий (Ал-Ҳайбре, 81), Ал-Убайд, Ҳаркасс, Ал-Аназий (Мейте, 61), Окита (Ал-Сумайрий, 85), Ариэлсон (Наджи, 61)
Огоҳлантиришлар: Криштиану Роналду, 54. Мане, 60 – Ал-Ҳавсавий, 25. Ал-Аназий, 26. Ҳаркасс, 62. Абдулла, 71

Барчаси сўнгги турда ҳал бўлди

Португалиялик форвард «Ан-Наср» сафига 2022/23 йиллар мавсумида келиб қўшилган ва ҳалигача жидди натижага эриша олмаганди: бу вақт оралиғида 14 бор совриндан қуруқ қолган. Бу мавсумда ҳам Роналду совринсиз қоладигандек кўринаётганди – чемпионат ярмида у мамлакатдаги асосий клубларни бошқарувчи Суверен фонд устидан шикоят қилиб, «Ан-Наср»га етарлича эътибор қаратилмаслигидан нолиди ҳамда бойкот эълон қилиб, майдонга тушишдан бош тортди.

Шундан кейин унинг айрим талаблари бажарилди ва «Ан-Наср» январ ўрталаридан бошлаб 16 ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этган ҳолда турнир жадвалида пешқадам бўлиб олди. Чемпионлик муддатидан олдин расмийлаштирилиши ҳам мумкин эди, аммо 32-турда асосий рақобатчи бўлган «Ал-Ҳилол» билан ўйинда сўнгги дақиқада дарвозабон Бентунинг қўпол хатоси туфайли ғалаба қўлдан бой берилди (1:1) ва барчаси сўнгги турда ҳал қилинадиган бўлди.

Турнир жадвалида икки очколик фарқ билан таъқиб қилиб келган «Ал-Ҳилол» сўнгги турда ўз ўйинида «Ал-Фейҳа» дарвозасига тезкор гол урди ва онлайн жадвалда биринчи ўринга чиқиб олди.

«Ан-Наср» учун эса ўйин осон кечмади. Турнир жадвалида 15-ўринда бўлган «Дамақ» қуйи лигага тушиб кетмаслик учун қаттиқ қаршилик кўрсатди. Роналду ва жамоадошлари тўпга эгалик қилишди, аммо вазиятлар ҳадеганда голга айланавермади. «Дамақ» футболчилари чуқур ҳимояланишди ва вақт чўзиш билан банд бўлишди.

Фақат 35-дақиқага келиб стандарт вазият мезбонлар жонига ора кирди. Феликс бурчакдан тўп оширди, барча Роналдуни қўриқлаётганидан фойдаланган Мане бош билан дарвозани ишғол этди. Иккинчи бўлим бошида эса Коман жарима майдони ташқарисидан аниқ зарба йўллаб, жамоасидан босимни бутунлай олиб ташлади. Аммо бу билан ўйиндаги интригага барҳам берилмади.