5-6 декабрь кунларида Европа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг охирги тур учрашувлари ўтказилди ва плей-оффга чиққан 16 жамоа номи маълум бўлди. Охирги тур ўйинларидан кейин «МЮ», «Базель», «Рома», «Челси», «Ювентус», «Ливерпуль», «Севилья», «Порту» ва «Шахтёр» жамоалари кейинги босқич масаласини ҳал қилди.

А гуруҳи. «Бенфика»нинг «евродаҳшати»
«МЮ» 2-1 ЦСКА, «Бенфика» 0- 2 «Базель»

Ўтган асрда Бела Гуттманнинг қарғишига қолган «Бенфика» («Бенфика»ни 1961 ва 1962 йилларда Европа Чемпионлари кубоги/Чемпионлар Лигаси ғолиби қилган венгриялик мутахассис кейинги йилда ҳайдаб юборилади. У ўшанда жамоага кейинги 100 йилда бирон марта халқаро майдонда ғолиб бўла олмасликни тилайди. Шундан бери португаллар 8 марта финалда ютқазган - 5 марта ЕЧК/ЕЧЛда, 3 марта УЕФА Кубоги/Европа Лигасида) бу мавсумда парокандаликка учради. Жамоа 5 турдан кейин бирон очкосиз, тўплар нисбати 1-12 ҳолатида эди. «Базель»га қарши охирги тур ўйинида Португалия чемпиони ўз мухлислари учун ўйнаши талаб этиларди. Аммо швейцарларга ғалаба зарур эди ва иккита бўлимда биттадан гол урган меҳмонлар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда кейинги босқичга йўл олди. Мавсумлар оралиғида Эдерсон, Линделеф, Семеду ва Митрўғлининг кетгани лиссабонликлар ўйинига жиддий таъсир кўрсатди. «Бенфика» Гутманнинг қарғишидан халос бўлиши учун 2062 йилгача кутиши керак бўлади.

«МЮ» эса 3 йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтишини яхши ўтказди. Жамоа охирги турда ЦСКА устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Москваликлар жамоаси иштирокини Европа Лигасида давом эттиради.

В гуруҳи. «Карло ота учун қасос»
«Бавария» 3-1 «ПСЖ», «Селтик» 0-1 «Андерлехт»

Куннинг марказий учрашувидаги 4 голдан 3тасини французлар уришди. «Бавария»нинг франциялик легионери Толиссо дублга эришди, Мбаппе парижликларнинг ягона голига муаллифлик қилди. «ПСЖ» кўп ҳужум қилди, аммо ютқазди. Ютқазсада Унай Эмери шогирдлари тўплар нисбатидаги устунлик эвазига кейинги босқичга биринчи ўрин билан чиқди. Аммо бу мағлубият туфайли жамоа тарихий натижани – гуруҳда 6 ўйинда 6 ғалабага эришиш натижасини қайд эта олмади. Лекин «ПСЖ» урилган голлар сонига кўра турнирда рекорд ўрнатди – 25 гол (ҳар бир ўйинга ўртача 4,17 гол). Турнирнинг бу босқичида парижликлардан кўра томошабоп ўйин кўрсатган жамоа бўлмади. Бу жамоага Неймар келиб қўшилгани эвазигадир. Аммо Неймарга гуруҳнинг барча 6 ўйинида гол уриш насиб этмади. Бу мақомни кейинги кунги ўйинларда бошқа бир футболчи қўлга киритди.