Технология | 23:46 / 08.12.2017
10494
2 дақиқада ўқилади

Японияда меъёрдан кўп ишловчиларни иш жойидан “ҳайдаб чиқарувчи” дрон яратилди

Фото: Getty Images

Япониянинг Taisei компанияси соғлиқ билан жиддий муаммолар келтириб чиқариши ва ҳаттоки тўсатдан ўлишга олиб келувчи ишга муккасидан кетишга қарши курашишнинг антиқа ечимини таклиф қилди. 

Engadget’нинг ёзишича, Taisei иш куни тугагандан кейин ҳам ишда қолиб ишловчиларни иш жойидан “ҳайдаб чиқарадиган” дрон яратди. Дронни яратган мутахассисларнинг ғоясига кўра, T-Frend деб номланган ушбу дрон ички ўрнатилган камера ёрдамида ходимларни кузатганча автоном режимда ишлайди. Дрон парраклари шовқини ва у томондан қўйилувчи мусиқа одамларга хаёлни жамлашга имкон бермайди ва уларни иш жойларини тарк этишга мажбур қилади.

Дроннинг ўзига хос жиҳати шундаки, дронга хонада ҳаракатланиш учун GPS навигация тизими керак эмас. Дрон асосий мусиқа сифатида "Auld Lang Syne" шотланд қўшиғининг японча версиясини қўллайди. Бу мусиқадан Япониядаги кўплаб муассасаларда иш куни якунлангани ҳақида ишчиларни огоҳлантиришда фойдаланилади.

Дрон апрелдан сотувга чиқиши кутилмоқда. Компаниялар дронни ойига 445 доллардан ижарага олишлари мумкин.  

Таъкидлаш жоизки, япониялик муҳандислар доимий равишда антиқа дронлар яратиб келишади.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид