Фан-техника | 22:37 / 09.12.2017
73631
3 дақиқада ўқилади

Компьютер сичқончаси ҳақида сиз билмаган қизиқарли фактлар

Фото: Getty Images

9 декабрь компьютер сичқончасининг “туғилган куни” ҳисобланади. 1968 йилнинг айнан шу куни Стэнфорд тадқиқот институти ходими Дуглас Энгельбарт сичқончани Сан-Францискодаги ҳисоблаш техникаси бўйича анжуманда тақдим қилган.

Қуйида компьютер сичқончаси ҳақида қизиқарли фактлар келтирилган:

Компьютер сичқончасига НАСА томонидан буюртма берилган. Коинот агентлиги ҳисоблаш тизимлари билан ишлашни соддалаштириш усулини излаган. Бироқ сичқонча агентлик мутахассисларини қониқтирмаган, чунки у билан вазнсизликда ишлашнинг иложи бўлмаган.

Энгельбарт унда сичқончани яратиш ғояси пайдо бўлишидан аввал бошнинг ҳаракатларига монанд курсорни ҳаракатлантирувчи махсус ниқобни қўллашни таклиф қилган.

Энгельбарт сичқончага патент олган, бироқ патент муддати унинг ихтироси оммавий равишда ишлаб чиқарила бошланишигача тугаб бўлган. Бироқ қаҳрамон мукофотсиз қолиб кетмаган. 1997 йилда Энгельбарт ихтирочиларга бериладиган  Лемельсон мукофоти (500 минг доллар) ва “компьютер соҳасидаги Нобель мукофоти” деб эътироф этилувчи Тьюринг мукофотини (250 минг доллар) олган.

Энгельбарт ўз сичқончасига битта тугмани жойлаштирган, бироқ унинг ўзи ҳар бир бармоқ учун биттадан тугма жойлаштиришни истаган.

Инглизча mouse (сичқонча) сўзининг кўпликдаги шакли mice кўринишида ёзилади. Бироқ гап компьютер сичқончалари ҳақида кетганда Оксфорд луғати mouses сўзини қўллашга рухсат беради. 

Сичқонча 1980-йилларда унга ҳуқуқни Apple компанияси сотиб олгандан кейин оммалашган. Сичқонча конструкцияси соддалаштирилиб, “Макинтош” компьютери билан бирга ишлатила бошланган. 

Сичқончани ишлатиш мумкин бўлган илк компьютер 1970 йилда ишлаб чиқарилган Xerox Alto бўлган. Бу компьютер шунингдек график интерфейсга эга бўлган биринчи компьютер ҳисобланади.

Сичқонча курсори нега вертикал ёки горизонтал эмас, балки ёнбошлатиб тасвирлангани сабабини биласизми? Чунки паст кўрсатиш сифатига эга бўлган илк мониторларда уни шундай шаклда топиш осон бўлган. 

Илк оптик сичқонча 1980 йилда пайдо бўлган, бироқ 1999 йилда унинг нархи чўнтакбоп кўринишга келгандан кейингина кенг қўллана бошланган.

 

Мавзуга оид