Жамият | 09:26 / 09.12.2017
24672
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мадраса битирувчиси Қозоғистон Олий муфтийсига айланди

Фото: Muslim.kz

Олмаота шаҳрида Қозоғистон Мусулмонлари идорасининг VIII қурултойи бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра бошқарманинг собиқ ноиб-муфтийси Серикбой-ҳожи Ораз Олий муфтийга айланди.

Серикбой Ораздан аввал Олий муфтий лавозимини эгаллаган 45 ёшли Ержан Малгажули Маямеров, хабарларга кўра, «ўз хоҳиши билан» истеъфога чиққан. У Олмаотадаги «Нур-Муборак» университетига ишга ўтиб, ушбу ўқув муассасасига раҳбар бўлди. Ержан Маямеров  2013 йил февраль ойида Қозоғистон Мусулмонлари идорасининг раиси этиб тайинланганди.

Маямеров кеча Ораз номзодини йиғилиш иштирокчиларига таништирган. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, йиғилишда тахминан 300 делегат қатнашди, улар Оразнинг номзодини, хабарларга кўра, «бир овоздан» маъқуллашган. Унинг ўринбосарлари ҳам тайинланди.

42 ёшли Серикбой Ораз 1992 йилда Тошкентдаги мадрасани тамомлаган. 1992 йилдан 1994 йилга қадар Мисрдаги «Ал-Азҳор» университетида ўқиган. 1995-1996 йилларда Исломобод университетида таълим олган. 2014 йилда «Нур-Муборак» университетини тамомлади. Турли йилларда у Олмаота масжидида ноиб-имом, Остонанинг ваколатли имоми, Қозоғистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид