Спорт | 13:50 / 11.12.2017
4126
2 дақиқада ўқилади

«Бавария» қишки чемпион. Бундеслигада 15-тур якунлари

8-10 декабрь кунлари мобайнида Германия чемпионатида 15-тур учрашувлари ўтказилди.

«Бавария» бу турда «Айнтрахт» майдонидан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди ва турнир жадвалида 35 очко тўплаган ҳолда энг яқин таъқибчиси «Лейпциг»ни 8 очкога ортда қолдириб, қишки мавсумни биринчи ўринда якунлайдиган бўлди.

Мавсумни барқарор ўтказа олмаётган  «Лейпциг» бу турда «Майнц» билан дуранг ўйнаб қўйди - 2:2.

Дортмунднинг «Боруссия» жамоасида инқироз давом этмоқда. Жамоа «Вердер»га қарши ўйинда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва раҳбарият Петер Бошни истеъфога чиқариб, «Кёльн»нинг собиқ бош мураббийи Петр Штегерни мавсум охирига қадар ёллади. Дортмунд жамоаси чемпионатда охирги ғалабасини 30 сентябрь куни «Байер»га қарши ўйинда нишонлаган, кейинроқ Германия Кубогида «Магдебург» устидан ғалаба қозонилган, Чемпионлар лигасида биронта ҳам ғалаба қайд этилмаган. 15 турдан кейин жамоа 22 очко билан саккизинчи ўринда.

«Бавария»га бу мавсумда «Боруссия» рақобат қила олмаслиги аниқ бўлди, «Шальке» ва Менхенгладбахнинг «Боруссия»си эса мавсумни нисбатан яхши ўтказмоқда. Бу турда айнан шу икки жамоа ўзаро рақиб бўлди ва кучлар тенг келди - 1:1. Энди бу жамоалар 26 ҳамда 25тадан очкога эга бўлган ҳолда учинчи ва тўртинчи ўринларда жойлашган. 

Шу тариқа, «Бавария»ни охирги турда ҳеч қайси жамоа қувиб ўта олмайди ва Юпп Ҳайнкесс жамоаси таътилга қишки чемпион сифатида йўл олади.

15-тур учрашувлари

15 турдан кейинги турнир жадвали

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид