Жаҳон | 21:10 / 12.12.2017
7698
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонга алоқалар ўрнатгани келишмоқда

Фото: Getty Images

Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи доирасида Тошкентга қирғизистонлик тадбиркорлар ҳам алоқаларни йўлга қўйгани келишади. Бу ҳақда 12 декабрдаги брифингда Қирғизистон президенти аппаратининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Айзада Субакожоева маълум қилди.   
     
Унинг айтишича, президент билан бирга Ўзбекистонга 100 га яқин тадбиркор жўнайди. Гап ишлаб чиқариш линияларини йўлга қўйиш, автотехника, маиший қурилмалар йиғиш бўйича қўшма корхоналар, тўқимачилик корхоналарини яратиш ҳақида бормоқда.

“Ҳамкорлик йўналишлари кенг. Давлатларимиз етакчилари келишиб олганидек, тадбиркорлар ва хўжалик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун шароитлар яратилмоқда. Эртага улар эрталабдан иш бошлашади. Тадбиркорларда бир-бирлари билан бевосита мулоқот қилиш имкони бўлади”, деб айтган Субакожоева.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбай Жээнбеков 13-14 декабрь кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид