Жаҳон | 09:40 / 13.12.2017
23741
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва Покистонни айблади, КХДР бўйича “шов-шувли” баёнотлар берди

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг маълум қилишича, Россия Федерацияси томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг КХДР бўйича резолюциясини имплементация қилиш доирасида бузилиш бор. 

Шунингдек, АҚШ КХДР билан “исталган вақтда” музокараларга тайёр, деди Рекс Тиллерсон.

"КХДР ҳукумати музокаралар столига ўтириши керак. Биз улар билан исталган вақтда гаплашишга тайёрмиз, улар буни хоҳлаши керак, холос", - дея айтиб ўтди у Вашингтондаги Атлантика кенгашида чиқиш қилиб.

Тиллерсоннинг таъкидлашича, "КХДР ҳар бир янги ракета синови билан жаҳон ҳамжамиятидан узоқлашишда давом этади".

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, АҚШ КХДРга бостириб кириш учун баҳона қидираётгани йўқ ҳамда Пхеньянда режим ўзгаришига эришмоқчи эмас.

"Биз режим ўзгаришига эришмоқчи эмасмиз, режим коллапсини хоҳлаётганимиз йўқ, Корея ярим ороли тезроқ бирлашишига ҳам уринаётганимиз йўқ, биз демилитация ҳудудидан шимолга қуролли кучларимизни юбориш учун сабаблар ҳам қидирмаяпмиз", - деди Тиллерсон.

Шу билан бирга, АҚШ КХДРни ядро давлати сифатида қабул қила олмайди, сабаби Пхеньян ишончли шерик эмас, дея маълум қилди у.

"КХДРда маълум бир халқаро нормаларни бажариш тарихи йўқ. Шунинг учун биз уни ядро давлати сифатида қабул қила олмаймиз", - дея айтиб ўтди АҚШ давлат котиби.

Тиллерсоннинг таъкидлашича, АҚШ КХДР муаммосини дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, "дипломатик саъй-ҳаракатлар ишончли ҳарбий муқобил вариантлар билан қўллаб-қувватланиши муҳимдир".

"Ҳа, кўплаб ҳарбий вариантлар бор, улар кўриб чиқилмоқда", - деган давлат котиби.

Фото: Flickr / Jarjan

Шунингдек, АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг маълум қилишича, террорчилар Покистондан бошпана топишда давом этмоқда.

"Биз мавжуд ҳолатга сабр қилиб тура олмаймиз, сабаби террорчилик ташкилотлари Покистондан хавфсиз бошпана топмоқда", - дея айтиб ўтди Тиллерсон Вашингтондаги нутқида.

"Террорчилик ташкилотлари ҳам ҳажмда, ҳамда таъсирда ўсиб бормоқда, ҳамда биз Покистонга қайсидир паллада сизларнинг ўзингиз нишонга айланишингиз мумкин, демоқдамиз", - дея айтиб ўтди Тиллерсон.

"Покистон Ҳаққоний ва бошқа тармоқлар билан ўз муносабатларини ўзгартириш жараёнини бошлаши керак", - дея аниқлик киритди у.

Тиллерсоннинг, шунингдек, маълум қилишича, АҚШ Покистон билан терроризмга қарши биргаликда кураш олиб бориш мақсадида ишлаш ва маълумот алмашишни хоҳламоқда.

Бундан ташқари, АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, Вашингтон «Қрим масаласига ҳали қайтиш» ниятида. 

Фото: AP

"Биз Қрим масаласига ҳали қайтамиз. Мен биламанки, Россия президенти Владимир Путин бу музокаралар столида муҳокама этилмаслигини аниқ тушунтира билди. Қайсидир паллада бўлади, бироқ ҳозирда биз Украина шарқида зўравонликни тўхтатишимиз лозим. Кўрамиз, биз бунга ечим топа оламизми", - дея айтиб ўтди Тиллерсон.

Шунингдек, Рекс Тиллерсоннинг сўзларига кўра, АҚШ курдлар ва Ироқ марказий ҳукумати ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлайди.

У мустақиллик бўйича бўлиб ўтган референдумни мамлакат бирлиги учун “вайронакор” деб атади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳам курдлар, ҳам Бағдод билан ишламоқда.

"Биз ҳам можародан қочиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқдамиз, ҳам Ироқ конституцияси бўйича мулоқотни давом эттирмоқдамиз, у ҳеч қачон амалга оширилмаган", - деди Тиллерсон.

Бундан ташқари, унинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп Россия ва АҚШда “амалий муносабатлар бўлишини хоҳламоқда, бироқ ҳозирча бу бизда йўқ”.

"Президент шуни аниқ тушунтира олдики, у Россия ва АҚШ амалий муносабатларга эга бўлишини муҳим деб ҳисоблайди. Ҳозирча бу йўқ", - деди у.

Таъкидланишича, Вашингтон Москва билан Сурияда ҳамкорлик қилишда давом этади. "Биз Россияни Сурия президенти Башар Асад режимига таъсир кўрсатишга чақирамиз, бу унинг Женевада музокаралар столига ўтириши учун керак. Биз томонлар музокаралар столида бўлиши учун барча имкониятни ишга солишимиз даркор. Россия Федерацияси билан Сурияда имкон даражасида ишлашда давом этамиз, бу кескинликни камайтириш ҳамда зўравонликни тугатиш, Сурия бўйича тинч ечимни топишга ёрдам кўрсатишда қўл келади", - дея айтиб ўтди.

Бундан ташқари, Тиллерсоннинг таъкидлашича, АҚШга Шимолий Кореяга қарши санкцияларни амалга ошириш жараёнида Россия иштироки керак. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид