Жамият | 17:10 / 13.12.2017
31061
9 дақиқада ўқилади

Чиркин кўча охиридаги фожиа: Қашқадарёда яна бир мудҳиш қотиллик юз берди

Ҳаётдан завқ олиб яшашнинг йўллари кўп. Табиийки, эс-ҳуши жойида, ақли теран кишилар бу йўлларни аллақачон топиб олганлар ва шу боис ҳузур-ҳаловатда яшамоқдалар. Бироқ, бу йўлларни топа олмаганларчи? Ҳаётни ўйин деб билгувчи, ёшликнинг ўткинчилиги баҳонасида турли ахлоқсизлик, ичкиликбозлик, қинғир ишларга қўл уриб йўлдан адашганлар қисматига ҳеч ким ҳавас қилмаса керак. Биз ичкиликни барча иллатларнинг дояси, дея жуда кўп таъкидлаймиз. Бу гапнинг қанчалар ҳақиқат эканлигини эса ҳаётнинг ўзи бир неча марта исботлаган.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Май ичмоқ – жигар қонин ичмоқдир; май ичиш билан заҳар ютма; жоннинг нақдинасини сочиш билан наслинг тухмини қуритма”, деб танбеҳ берганлар. Ҳа, афсуски, ичкилик сабаб содир бўлган ва бўлаётган жиноятлар, фожиалар оз эмас. Бугун янада ташвиш уйғотаётгани эса, баъзи ёшларимизнинг бу иллатга эргашаётганлигидир. 

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, жорий йилнинг 24 январь куни навбатчиликда қолган Қашқадарё вилояти Қамаши тумани тиббиёт бирлашмаси орастабони Муаззам Мирзаева ҳамкасби Диёрахон билан кечки соат 21:00 ларда сув олиб қайтаркан, кўчадаги ғала-ғовурни эшитиб қолади. Нима гаплигини билиш мақсадида иккови кўчага чиқишганида девор ёнида икки йигит турганини ва улардан бири ерда ағанаб ётган кишини тепкилаётганининг гувоҳи бўлишади. Йигитлардан бирининг “бўлди урма, ўлдириб қўясан”, деган гапини эшитгач, Диёрахон ҳам жон ҳолатда, “ўлдириб қўясизлар”, деб бақириб юборади. Аёлларнинг овозини эшитгач, йигитлар қочиб кетишади. Атроф қоронғи бўлгани боис, улар йигитларни таний олишмайди. Диёрахон тезда бўлимга қайтиб, навбатчи шифокорга бўлган ҳодисани маълум қилади. Шифокор бу ҳақда туман ИИБни огоҳлантиради. Ҳодиса жойига етиб келган ИИБ ходимлари жабрланувчини шифохонага олиб боришади. Аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди. Тергов жараёнида марҳум – Қамаши туманидаги темир йўл вокзалида юк қабул қилувчи вазифасида ишловчи Аброр Мўминов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эканлиги аниқланиб, тезкор қидирув давомида айбдорларнинг қилмишлари фош этилади...

***

Эндигина йигирма ёшдан ошган Сарвар ва Оғабекни жиноятга бошлаган, панжара ортига етаклаган ичкилик бўлди. Тенгдошлари ҳаётда ўз ўрнини топиш, олийгоҳларга ўқишга кириш тараддудида юрган бир пайтда бу икки дўст пана-пастқамда юришни, ароқхўрликни одат қилишди. Оқибатда эса қотилликдек мудҳиш жиноятга қўл уришди.

Ушбу фожиа тафсилотини давом эттиришдан аввал эътиборингизни таниқли адиб Тоҳир Маликнинг мана бу фикрларига қаратишни жоиз деб билдик: “Бизнинг фарзандларимиз – бизнинг қарилигимиздир. Тўғри тарбия – хайрли оқибат, яъни саодатли қарилик. Ёмон тарбия – ғам-аламга, хорликка қоришган қариликдир. Фақат бугина эмас, эл-юрт олдидаги бурчимизни бажара олмаганимиз оқибатида бўйнимизга тушадиган гуноҳдир. Айрим ота-оналар учун эса, тавқи лаънатдир”.

Дарҳақиқат, ҳаётни ўйин, кайф-сафодан иборат деб билган бу йигитлар танлаган йўлининг охири йўқлигини, бетайин юришларнинг оқибати жиноят билан тугаши мумкинлигини жуда кеч тушуниб етишди. Бу жараёнда ота-оналари ҳам мўйлови сабза уриб, “улғайиб” қолган болаларининг тарбиясига, ичкилик ичишига ортиқча эътибор бермай қўйишгани уларга қўл келган бўлса, ажаб эмас.

Сарвар Аброр билан тасодифан танишиб қолганди. Ўшанда Шаҳриёр исмли қўшниси унга темир йўл вокзалида ишловчи Аброр деган таниши кабутар гўшти қовуриб беришини айтиб, уни бирга боришга ундаганди. Сарвар вақти йўқ, дея баҳона қилганида Шаҳриёр даврада жононлар ҳам бўлишини айтиб, уни қизиқтиради. Бу гапни эшитиб, Сарвар ортиқча қаршилик кўрсатмай, унга эргашади. 

Меҳмонларни кўриб, Аброр дастурхон тузашга киришади. Шунда Сарвар Аброр дегани отаси тенги одам эканлигини билади. Бироқ, ҳеч қандай истиҳолага бормай, кўзи олазарак бўлиб, аёлларни излайди. Аммо мезбон Шаҳриёр айтганидек, кутиб олмайди. Суҳбат жараёнида Аброр ундан исмини сўраганида, Сарвар “Филип” деб жавоб беради.

Сарвар бу “меҳмондорчилик”ни унутиб ҳам юборганди. Фожиа содир бўлган куни у ўртоқлари билан тумандаги педагогика коллежи ҳовлисида улфатчилик қилиб, ароқ ичиб ўтирганди. Шу пайт унга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади. Гўшакдан эркак кишининг “Филип борми?” деган овози эшитилади. Сарвар аввалига “бошқа бировга тушиб қолдингиз”, деган жавобни айтади. Бироқ, ҳалиги одам қайта-қайта “Филип”ни сўрайвергач, Аброрга ўзини шундай деб таништиргани ёдига тушади ва “Мен Филипман, нима ишингиз бор?” дея сўрайди.

- Поликлиниканинг олдига кела оласанми? – Аброр гапни узоқдан бошлайди. Шунда Сарвар яна аввалгидек алдаса керак, деган хаёлда иши борлигини баҳона қилади. – Бир келиб кет, афсус қилмайсан. Зўри билан таништириб қўяман.

Ҳалигина ичиб ўтирган ароғи таъсирида Сарварнинг нияти бузилади. Шайтоний нафси устун келиб, кап-катта одам алдамаса керак, деган хаёлда ўрнидан қўзғалади. Ўртоғи Оғабекка қараб, “юр бир жойга ўтиб келамиз”, дея уни ҳам ўзига шерик қилади.

Чиндан ҳам Аброр уларни поликлиника олдида кутиб турарди. Кейин йигитларни ичкарига бошлаб, хоналардан бирига олиб киради. Дастурхон ёзиб, уларни меҳмон қилади. Табиийки, меҳмондорчилик ароқсиз ўтмайди. Сарвар ва Аброр битта шишани бўшатгач, ширакайф бўлиб қолишди. Ўзаро гурунг яна аёлларга бориб тақалди. Сарвар унга икки сафардан бери алдаётганини айтиб гина қилди. Бу гапдан сўнг иккисининг ҳам кўнгли суст кетди. Оғабекни хонада қолдириб, ташқарига чиқиб кетишди.

Орадан ярим соатлар ўтиб, улар қайтиб келишди. Бу вақтда Сарварнинг кайфи анчагина ошиб қолганди. Улар бир-бирларига маъноли қараб, Оғабекнинг ёнига ўтиришди. Биргаликда меҳмондорчиликни давом эттиришга қарор қилишди. Аммо ёнларида пуллари кам қолганлиги боис ўртада можаро чиқди.

- Аброр ака, меҳмондорчиликка чақирдингизми, охиригача мард бўлинг. Пул беринг, мен ул-бул олиб келаман, - деди Сарвар Аброрга кўзи сузилиб.

- Ука, пулим қолмади.

- Унда телефонингизни беринг. “Залокка” қўйиб, нарса олиб келаман.

Аброр бу гапга унамай ташқарига чиқди. Бундан жаҳли чиққан Сарвар дастурхон устида турган бўш шишани қўлига олиб, унинг ортидан эргашди.

- Телефонни бермайсизми, мана сизга! – Сарвар кутилмаганда қўлидаги шиша билан улфатининг юзига туширди.

Аброр бундай бўлишини кутмаганди. Ўзини ҳимоя қилиш учун кўчага қараб қоча бошлади. Бутун вужудини қаҳр ва ғазаб эгаллаб олган йигит эса унинг ортидан қувиб кетди. Тезда етиб олиб, оёғидан чалиб, ерга ағанатди. Кейин шиша билан дуч келган жойига уриб, тепкилай бошлади. Бир фожиа юз беришини билиб, Оғабек уларни ажратишга уринди. Сарвар шундан сўнг ҳам тинчимасдан Аброрнинг кийимини титиб, чўнтагидаги телефонини ва калитлар шодасини олиб, Оғабекка узатди. Шу пайт қулоғига аёлларнинг бақириғи эшитилиб, ҳуши жойига келди. Қўлидаги қонни кўриб қўрқиб кетди. Биров таниб қолмаслиги учун у Оғабек билан шу заҳоти бу ерни тарк этди...

Сарвар Оғабек билан гапни бир жойга қўйиб, жавобгарликдан қутулиш учун роса уринди. Қилмишини тан олмай, ўзини бегуноҳдек кўрсатди. Бироқ тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан жиноят фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича вилояти судида ушбу иш атрофлича кўриб чиқилиб, Сарвар Садировга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд Оғабек Мавлоновга жиноятни яширганлиги ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаганлиги учун 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. 

Бир инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Икки навқирон йигит умрининг олтин даври панжара ортида ўтадиган бўлди. Инсоний фазилату гўзал хислатлар сарчашмаси оиладир. Энди ўйлаб кўрайлик, ана шу чашма беғубор бўлиши, фарзандларимиз ундан баҳраманд бўлиши учун нима қилишимиз лозим? Жавоби битта. Оилада имон-эътиқод, маънавият мустаҳкам бўлиши керак. Ана шунда фарзандларимиз яхши тарбия кўриб, вояга етади, улар туфайли бошимиз хам бўлмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид