Жаҳон | 07:22 / 13.12.2017
14075
1 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Шимолий Кореяни “энг кучли ядровий давлат”га айлантирмоқчи

Фото: Korean Central News Agency/Korea News Service via AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг айтишича, у ўз давлатини “дунёдаги энг кучли ядровий ва ҳарбий давлат”га айлантириш мақсадини ўз олдига қўйган. Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, у бундай баёнот билан мудофаа саноати ишчилари қурултойида чиққан.

“Олий етакчи мудофаа саноатини ривожлантириш учун бажарилиши зарур бўлган узоқ муддатли мақсадлар, стратегик вазифаларни белгилаб берди. У шунингдек давлатимизни янада юксалтириш ва уни дунёдаги энг кучли ядровий ва ҳарбий давлатга айлантиришга кўрсатма берди”, деб айтилган хабарда.

Ким Чен Ин стратегик қуроллар, шу жумладан атом ва водород бомбалари, “Хвасон-15” қитъалараро баллистик ракетасини яратишдаги муваффақиятларни “партия ва халқнинг тарихий ғалабаси” деб атаган. Унинг таъкидлашича, Шимолий Кореянинг ҳозирги мудофаа саноати исталган турдаги қуролни мустақил ярата олишга қодир.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид