Ўзбекистон | 23:30 / 14.12.2017
14402
2 дақиқада ўқилади

Андижонда хусусий шифохона ва фармацевтика корхоналари кўпаяди

Фото: KUN.UZ

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов хусусий тиббиёт муассасаларини бунёд этиш бўйича тадбиркорларга маҳаллий телевидение орқали мурожаат қилди.

"Халққа хизмат қиладиган хусусий тиббиёт муассасалари ва дори ишлаб чиқарувчи корхоналар қуришга бел боғлаган тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз" деди вилоят ҳокими, телевидение ва Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

Мурожаатдан сўнг вилоят ҳокимлигига икки кун давомида 44 нафар тадбиркор мурожаат қилди.

Айни пайтда Андижонда 360дан зиёд хусусий тиббиёт муассасалари фаолият юритиб келмоқда. “Бу рақамлар 3 миллиондан зиёд аҳоли яшовчи вилоят учун камлик қилади. Замон талабидаги барча қулайликларга эга кўплаб хусусий тиббиёт шифохоналари ишга туширилса, тиббий хизмат сифатини оширсак, халқимиз соғлигини мустаҳкамлаш масаласида катта ишлар амалга оширилган бўлади” дейди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Вилоятда 19 турли дори-дармон ва тиббиёт анжомлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ишлаб турибди. Шу йилнинг ўзида ушбу йўналишдаги янги корхоналардан 11 таси фаолиятини бошлади.

Бугун Андижон шаҳрида импорт дори воситаларини ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарадиган “Макро фарм Андижон” жамияти қошидаги корхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Корхона замонавий кўринишда бунёд этилган бинога эга. Ишлаб чиқариш муассасасида 50 нафар янги иш ўринлари яратилиб, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари 11 хил турдаги касалликларга малҳам бўлади. Жамият қошида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва тиббиёт анжомлари билан савдо қилувчи шохобча ҳам иш бошлади.

Бундан ташқари, вилоят перенитал Маркази ҳамда Республика эндокринология Маркази вилоят филиалининг қайта реконструкция қилинган бинолари очилиш маросими бўлиб ўтди. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Муаллиф олган суратлар

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид