Ўзбекистон | 19:20 / 14.12.2017
39054
3 дақиқада ўқилади

Элмира Баситханова: Ҳеч қандай мурожаат эътиборсиз қолмайди

Бироз муддат аввал сайтимизда эълон қилинган «Соғлиқни сақлаш вазирлиги 700 киши имзолаган мурожаатни аноним деб топди» деб номланган мақоладан сўнг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова KUN.UZ таҳририятига қўнғироқ қилди.

«Бизга қилинган мурожаатда 700 нафар ижодкор ўз исм-шарифларини қаерда ишлашларини қавсда ёзиб, ёрдам кўрсатилиши керак бўлган қизлар Бахтинисо Маҳмудова ҳамда Ирода Умарованинг исм фамилияси ва яшаётган туманлари — Чироқчи ва Форишдан бошқа ҳеч қандай маълумот кўрсатишмаган. Улар қайси кўчада, қайси маҳаллада туриши номаълумлигича қолган. Агар ўша 700 га яқин инсоннинг исм фамилиясидан кўра, ўша қизларнинг аниқ манзили кўрсатилганида мен ўзим уларнинг уйига бориб ёрдам берардим», — деди Элмира Баситханова биз билан суҳбатда.

«Наҳотки, одамларнинг соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисидаги фикрлари шу қадар салбий бўлса? «Бир киши ўзи тўғридан-тўғри мурожаат қилса эътиборсиз қолдирилади-ю, 700 кишилик мурожаат қандайдир кучга эга», деб ўйлашса? Биз ҳар қандай мурожаатни жавобсиз қолдирмаймиз. Шифо истагида юрган юзлаб, минглаб одамларга вазирлигимиз томонидан ёрдам қўли чўзилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг талаби ҳам шу. Ҳозиргина ҳам бир йигитнинг 1,5 яшар фарзандини юрагини зудлик билан операция қилиш масаласини ҳал қилдик, ота хурсанд бўлиб қабулимдан чиқиб кетди», — деди Э.Баситханова.

«Виртуал қабулхонага электрон почта орқали мурожаат ёзган одамга ҳам қизларнинг аниқ манзилларини билиш учун шахсан ўзим қўнғироқ қилиб, туша олмадим. Мавжуд бўлмаган рақам деган жавоб олдим. Имкони бўлса бизга Бахтинисо Маҳмудова ҳамда Ирода Умарованинг аниқ манзилларини топишда ёрдам берсаларингиз», — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Таҳририятдан: Маълумки, KUN.UZ сайти ҳам даволаниш истагида бўлган ва имкониятлари чегараланган беморларга хайрия акциялари уюштириб келмоқда. Тан олиш жоиз, бизга мурожаат қилган беморларга ёрдам кўрсатишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам доимо ёрдам қўлини чўзиб келади. Айни ҳолат бўйича, агар ўзлари ва яқинлари розилик билдиришса, Бахтинисо Маҳмудова ҳамда Ирода Умаровага ҳам сайтимизда ёрдам акциясини уюштириб берамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам барча зарур ёрдамни кўрсатишини вазир ўринбосари ҳам шахсан таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид