Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиялик тадбиркор ўз банкини Назарбоев университети тузилмасига сотиб юборди
Россиялик тадбиркор Игорь Ким Қозоғистондаги Экспокредит банкини Назарбоев университети томонидан билвосита назорат қилинувчи тузилмага сотди, деб хабар бермоқда Рейтер банк ва келишувнинг ҳар икки томонига таянган ҳолда.
Улар келишув миқдорини айтишдан бош тортишди. Экспокредит вакилининг айтишича, келишув бозор шартларида имзоланди ва Қозоғистон Миллий банки томонидан маъқулланди.
Банк сайтида жойлаштирилган маълумотга кўра, 2017 йилнинг ноябрида унинг акциядори ўзгарган – Кимнинг ўрнига ZIM Capital инвесткомпанияси келган. Уни Pioneer Capital Invest компанияси ҳамда Ижтимоий тараққиёт фонди орқали Назарбоев университети ташкилоти назорат қилади, бундан Қозоғистон электрон ҳукумат порталидаги маълумотлар дарак берган.
“Банк бевосита ёки билвосита бошқа ташкилотлар томонидан назорат этилиши ҳақидаги тахминлар номақбулдир”, - дейилади ZIM Capital компанияси вакилининг мактубида.
Қозоғистон ҳукуматининг ZIM Capital иштирок этувчи келишувларга, жумладан банкда улушга эга бўлишга ҳеч қандай алоқаси йўқ, ҳамда бу борада қандайдир қарорлар қабул қилинмаган, дейилади Экспокредит вакили изоҳида.
Унинг хабар беришича, банк ZIM Capital’га бизнес диверсификацияси ва ребрендинг жараёнини бошлаш ҳамда менежментни ўзгартириш учун керак.
Игорь Ким назорати остида бўлган Россиянинг Экспобанк директорлар кенгаши аъзоси Кирилл Нифонтовнинг Рейтерга айтишича, Экспокредит малакали сармоядорга сотилган, у Қозоғистон Миллий банки томонидан маъқулланди. Нифонтов келишув миқдорини очиқламади, шартлар ўзаро манфаатли бўлганини айтиб ўтди.
Нифонтоновнинг сўзларига кўра, Ким Россия ва Европада банкларни харид қилиш ҳамда ривожлантиришга эътиборни қаратмоқчи. Экспобанкнинг Латвия, Кипр, Сербия ва Чехияда кичик тузилмалари бор.
Экспокредит Қозоғистонда активлар ҳажми бўйича 29-ўринни эгаллайди. Бироқ 2017 йилнинг бошидан бери у кескин қисқара бошлади – 1 октябрь кунги банк ҳисоботига кўра, улар 75 фоизга камайиб, 5,6 миллиард тенгени ташкил қилди.
Назарбоевлар оиласи эса Қозоғистон банк секторида ишбилармонлик манфаатларига эга. Унинг қизи Динара турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев билан мамлакатдаги энг йирик икки банк: Халқ ва Казкоммерцбанкни назорат қилади.