Жаҳон | 21:51 / 15.12.2017
8966
2 дақиқада ўқилади

Америкалик аёл соппа-соғ боласини касалга чиқаргани учун қамоққа олинди

Фото: Getty Images

АҚШнинг Техас штатида яшовчи Кэйлен Боуэн фарзандини даволовчи шифокорлардан шикоят тушгандан кейин қамоққа олинди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар бермоқда.    

Шифокорларнинг айтишича, аёл фарзанди Кристофернинг соғлиғидан шикоят қилиб, 8 йил ичида 323 марта турли тиббиёт марказларига мурожаат қилган. Бу вақт ичида бола 13 та жарроҳлик операциясини бошдан кечирган.

Аниқланишича, бола соппа-соғ бўлган, унда онаси таъкидлаган бирорта касаллик топилмаган.

Кэйлин 3 фарзандга эга. У тўнғич фарзанди Кристоферда гўдаклигиданоқ туғма ирсий касаллик борлигини, саратонга учраганини ҳамда даволаш керак бўлган кўплаб майда яра-чақаларга эгалигини айтиб келган. Ҳозирда аёлнинг уч фарзандини маҳаллий ҳукумат ўз васийлигига олган. 

Аёл унинг фарзандини ногиронлар аравачасида олиб юришларини, трубкача орқали овқатлантиришларини, сунъий нафас қурилмасини қўйишларини талаб қилган. Бу ҳам етмагандек, она боласига ўпка кўчириб ўтказишни ташкиллаштиришга уринган ҳамда бу мақсадда интернетдаги краудфандинг платформаси орқали маблағлар тўплашни йўлга қўйган.

Боланинг отаси Райан Кроуфорднинг таъкидлашича, у рафиқасининг бу “жонкуярлигига” тегишли идоралар эътиборини қаратишга, суд орқали рафиқасини тинчлантиришга уринган, бироқ суд рафиқасининг ёнини олган.  

Бу ҳақда 2015 йилда Хьюстондаги шифохона бонг ура бошлаган. Ўшанда шифокорлар бола туғилган Даллас шаҳридаги бошқа бир шифохонага ушбу ҳолат юзасидан сўров юборишган. У ерда боланинг онасини кўплаб ёлғон аризалари ва можароларидан кейин эшитмай қўйишгани айтилган. Аёл фарзандининг “даволаниши” учун махсус яратилган жамғармадаги маблағларни сарфлаган. 

Ҳозирда полиция ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб бормоқда. Аёл эса эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилибди. Унга фарзанди билан кўришиш тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда бола отаси билан яшамоқда ва сунъий нафас қурилмасисиз, ўзи мустақил равишда овқатланмоқда.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид