Жаҳон | 10:50 / 15.12.2017
68139
5 дақиқада ўқилади

ИШИД устидан ғалаба эълон қилинди. Террорчилар чиндан мағлуб этилганми?

Ammar Safarjalani / Xinhua / Scanpix / LETA

6 декабрь куни Россия Бош штаби Суриядаги ИШИД жангарилари яксон этилганини эълон қилди. Уч кун ўтиб Ироқда ИШИД устидан ғалаба кенг нишонланди. 12 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги ҳарбий бюджетни имзолаш маросими чоғида Сурия ва Ироқда ИШИД террорчилик гуруҳи устидан ғалаба қозонилганини маълум қилди.

Лекин на АҚШ ва на Россия Суриядан кетишга шошилмаяпти ва жангариларга қарши жанглар давом этмоқда. Сурия ва Ироқда қачон тинчлик бўлади? Қуйида минтақадаги вазиятни кўриб чиқамиз.

ИШИД мағлуб этилдими?

Амалда ҳа. ИШИДни ўз армияси, солиқ тизими, штаб-квартираси ва пойтахти бор «давлат» сифатида қарасак, бу давлат яксон этилди. ИШИДнинг таянч қароргоҳи бўлган Раққа 17 октябрь куни Суриядаги Россия томонидан қўллаб-қувватланган иттифоқчи кучлар томонидан эгалланганди, ундан аввалроқ эса АҚШ бош халқаро коалиция кўмагида ҳаракатланган Ироқ армияси Мўсулни ишғол қилганди. 2014 йил ёзида Абу Бакр ал-Бағдодий айнан Мўсулда янги давлат тузилганини эълон қилганди.

Ҳозирга келиб ИШИД ташкилий тузилма сифатида мавжудлигини йўқотди, жангарилар тасарруфида аввалги ҳудудларнинг атиги 3 фоизи қолмоқда. ИШИД раҳбари катта эҳтимол билан ўтган вақт давомида жангарилар позицияларига берилган кўп сонли авиазарбалар вақтида ҳалок бўлган. Унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қачон аниқ маълумот бўлмаган, охирги бир йил ичида унинг ўлими ҳақида жуда кўп марталаб хабар берилди, аммо ҳеч қачон бу хабарлар тасдиқланмади.

ИШИДни ким мағлуб этди?

Сурия, Ироқ, Россия, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция, шунингдек мухолиф кучлар ҳамда курдларнинг ҳарбий бўлинмалари. Сурияда Башар Асад армиясини Россия кенг миқёсда қўллаб-қувватлади, аммо Сурия ҳукумати нафақат ИШИДга, балки мухолиф гуруҳларга қарши ҳам аёвсиз кураш олиб борди ва бу курашда Россия ҳам қатнашди. Ироқ армияси ўз ерларини жангарилардан АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари ёрдамида озод қилди. Ироқдаги 5 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий контингент ҳам бу ишда иштирок этди. ИШИД устидан ғалабага барча томон ўз ҳиссасини қўшди, Россия ва АҚШ бу жараёнда мувофиқликда ҳаракатланди.

Сурияни бомбалаш тўхтайдими?

Ҳозир эмас. Сурия ва Ироқдан ҳеч ким кетмоқчи эмас. Сурияда АҚШнинг 2 минг нафардан ортиқ ҳарбийси бор, бу ҳарбийлар Сурия шимолида Пентагон қанча истаса, шунча вақт қолади. Россия ҳам ўз базаларини — Хмеймим аэродроми ва Тартусдаги ҳарбий-денгиз портини кенгайтиришни мўлжалламоқда.

Бундан ташқари, ИШИД Сурия ҳудудидаги ягона жангари гуруҳ эмасди. Мамлакатда «Таҳрир ал-Шом» ташкилоти фаолиятини давом эттирмоқда. Бу гуруҳни Суриянинг «Ал-Қоидаси» ҳам дейишади. Бу гуруҳ Сурия ҳукуматига ҳам, ИШИДга ҳам ва бошқа мухолиф гуруҳларга ҳам қарши курашиб келган. Ташкилот ҳарбийларининг аниқ сони маълум эмас, аммо Идлиб вилоятида шу гуруҳ аъзоси бўлган бир неча минг жангари ҳаракатланади.

Ҳозир Сурияда нималар рўй бермоқда?

Мамлакатнинг асосий қисми Башар Асад назоратида. Шимолдаги ҳудудлар эса «Сурия Курдистони» ёки Рожава деб номланади ва бу ҳудудни араб-курд альянси - «Сурия Демократик кучлари» назорат қилади. АҚШ бу мухториятни қўллаб-қувватлайди, қўшни Туркия эса бу ҳудудда курдлар давлати тузилишига қаттиқ қаршилик қилиб келади. Башар Асад қачондир бу ҳудудни яна ўз ихтиёрига қайтаришга умид қилади. ИШИД устидан ғалаба қозонилган экан, тез орада Сурия бирлаштирилиши ва мамлакатда тинчлик ўрнатилишига ҳам умид қилиш мумкин.

Жангариларнинг тақдири нима бўлади?

Пентагон маълумотига кўра, Сурия ва Ироқда ИШИДнинг 3 минг нафарга яқин жангариси қолган — бу эса 2015 йилдагига қараганда 10 баробар кам, бир йил олдин ИШИД ўз ҳудудларини кенгайтириш учун чор тарафга қараб ҳужум қилиб бораётганди. Жангариларнинг кўпчилиги ўлдирилди (АҚШ маълумотларига кўра, 60-70 минг нафар атрофида террорчи ўлдирилган), яна кўпчилик ватанига қайтиб кетган. Жангарилар Туркия орқали Европага қайтишди ва террорчилик фаолиятини давом эттиришди. Шу тариқа, ИШИД «Ал-Қоида» каби муайян марказсиз террорчилик тармоғига айланди. ИШИД янги ҳудудларни эгаллаш учун қўшинга ва бошқа ресурсларга эга эмас, аммо террорчиларга ҳеч нарса Европа ва Америка шаҳарларида терактлар содир этишга, янги тарафдорлар ёллашга тўсиқ бўла олмайди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид