Жамият | 19:36 / 15.12.2017
15146
2 дақиқада ўқилади

Нотариал ҳаракатлар устидан келаётган шикоятларга Адлия вазирлиги жавоб берди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Сўнгги пайтда таҳририятимизга Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида жойлашган кўчмас мулкларни тасарруф этиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, бино-иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва бошқа шу каби масалалар юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Kun.uz мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Адлия вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Мадаминов билан боғланди.

“Жорий йилнинг 12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди", деб сўз бошлади бошқарма бошлиғи.

Мадаминовнинг айтишича, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Тошкент, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Янгийўл туманларидаги айрим аҳоли пунктлари бўйича бош режа ишлаб чиқилаётганлиги қайд этиб ўтилган. Шу сабабли, мазкур аҳоли пунктларида айрим тақиқлар ўрнатилган, хусусан:

жисмоний ва юридик шахсларга қурилиш учун ер ажратишга;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва қайта ихтисослаштириш, шунингдек, уларга рухсатномалар беришга;

ўзбошимчалик билан қурилган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилашга.

Шу билан бирга, мазкур аҳоли пунктларида кўчмас мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ ҳеч қандай тақиқлар ўрнатилмаган.

Бундай турдаги битимларни нотариал тасдиқлаш жараёнида тарафлар юқоридаги чекловлар тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилади, холос.​

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид