Жаҳон | 12:28 / 15.12.2017
36580
2 дақиқада ўқилади

Расман. Россияда президентлик сайлови куни белгиланди

Фото: РИА «Новости»

Россия Федерация кенгаши жума куни бўлиб ўтган йиғилишда РФ президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларни 2018 йилнинг 18 март кунига белгилади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Қайд этилишича, қарор бир овоздан қабул қилинган.

Шу тариқа мамлакатда сайловолди президентлик кампаниясига расмий старт берилди ҳамда даъвогарлар рўйхатдан ўтиш ва ташвиқот ишларини бошлаш имкониятини қўлга киритишди.

Таъкидланишича, Россия Федерацияси президенти сайловлари муддатини белгилаш мажбурияти мамлакат Федерация кенгашига конституция билан юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин 2018 йилги президент сайловида иштирок этишини маълум қилди. Путин Нижний Новгороддаги Горкий автомобиль заводи ташкил этилганига 85 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган тадбирда чиқиши вақтида бу ҳақда расман айтди.

Шунингдек, Россия президенти кеча, 14 декабрь куни бўлиб ўтган катта матбуот анжуманида вақтида ўзининг сайловолди дастури деярли тайёрлиги, унда эса инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва россияликлар даромадини оширишга эътибор қаратилиши ҳақида маълум қилди.

Бундан ташқари, навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиш режаси борлиги ҳақида РЛДП етакчиси Владимир Жириновский, телебошловчи Ксения Собчак, “Яблоко” партияси асосчиларидан бири Григорий Явлинский, сиёсатшунос Андрей Богданов ва “Бизникилар” ҳаракати таъсисчиларидан бири Борис Якеменко айтиб ўтди. "Адолатли Россия" ва Россия Федерацияси Коммунистик партияси номзодларни илгари суриш масаласини ўз қурултойларида ҳал этади. Бундан ташқари, журналист Екатерина Гордон, "Аванти" ассоциацияси раҳбари Рахман Янсуков, "Аёллар мулоқоти" партияси етакчиси Елена Семерикова, тадбиркор Сергей Полонский ҳам ўз номзодини қўйишни мўлжаллаган.

Мавзуга оид