Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда Мустақиллик куни, фуқаролар 4 кун дам олади
Қозоғистонда шанба куни Мустақиллик куни нишонланмоқда, республика 26 ёшга тўлди.
Қозоғистонда Мустақиллик куни – ягона миллий байрамдир. 16 ва 17 декабрь байрам кунлари ҳисобланади. Бу кунлар шанба ҳамда якшанбага тўғри келиши туфайли, дам олиш кунлари 18 ва 19 декабрга кўчирилди. Шу тариқа, қозоғистонликлар тўрт кун ҳордиқ чиқаради: шанбадан чоршанбага қадар.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 1991 йилнинг 16 декабрь куни “Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади. Назарбоевнинг ўзи ўша йилнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган биринчи умумхалқ сайловларида президент лавозимига сайланди, 10 декабрь куни эса "Қозоғистон Совет Социалистик Республикаси номини ўзгартириш тўғрисида"ги қонунни имзолади, бу билан Қозоғистон Республикасига ҳозирги номи берилди.
Назарбоев кеча давлат мукофотларини топшириш маросимида республика мустақиллик йилларида катта ютуқларга эришгани ҳамда халқаро ҳурматга сазовор бўлганини таъкидлаб ўтди.
"Биз давлат суверенитетини қўлга киритганимиздан сўнг, аста-секин кучли, фаровон Қоғозистонни яратиб бордик. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз кўплаб муваффақиятлар ва ғалабаларга эришди", - дея айтиб ўтди Назарбоев.
Унинг эслатишича, Қозоғистон ўз олдига “буюк мақсадни қўйган – сайёрадаги энг ривожланган 30 давлат орасига кириш”.
"Биз кенг кўламли модернизация доирасида юқори ижтимоий кафолатлар ҳамда фуқароларимиз даромади ошишини таъминлаб бердик. Биз глобал даражадаги кенг кўламли тадбирларни муваффақиятли амалга ошириб, Қозоғистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлай олдик. Бу ютуқларнинг ҳаммаси барча қозоғистонликлар саъй-ҳаракати, энергияси туфайли амалга ошди", - дея хулоса қилиб ўтди президент.