Жаҳон | 22:42 / 17.12.2017
20333
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг бош ядровий стратеги Учинчи жаҳон уруши оқибатларидан огоҳлантирди 

Фото: AFP 2017 / Paul J. Richards

Америкалик ҳарбий таҳлилчи Даниэль Эллсберг ўзининг “Қиёмат куни машинаси: ядровий стратегнинг иқрори” деб номланган янги асарида Учинчи жаҳон урушига олиб келувчи сабаблар ва бу урушнинг оқибатлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.   

Мутахассиснинг фикрича, катта кўламли ихтилофни электроникадаги носозлик, ОАВдаги ёлғон хабар ёки оқибати ўйланмаган буйруқ келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, Вашингтон ёки Москвадаги теракт ҳақида ёлғон хабар ядровий қарама-қаршилик учун етарлича асос бўлиши мумкин.

Эллсбергнинг таъкидлашича, етакчи ҳарбий давлатлар керагидан ортиқча қақшатқич салоҳиятга эга. Унинг айтишича, бир неча кун давомидаги катта кўламли ядровий ихтилоф миллионлаб одамларнинг йўқ бўлиши ва инсониятнинг ҳалок бўлишига олиб келади.

Мутахассисда, шунингдек, АҚШ раҳбариятининг оммавий қирғин қуролига муносабати ҳам хавотир уйғотмоқда. “Биз уруш гўёки оммавий қирғин қуроли, атом бомбалари ҳисобига ютилган деб ҳисоблайдиган, бу ўзини оқлаган деб ўйлайдиган ягона давлатмиз. Қуролга бундай муносабатда бўлиш хавфлидир”, деб айтмоқда мутахассис.

Эллсберг асари сўнгида умумжаҳон ихтилофининг олдини олиш бўйича бир неча тавсиялар бериб ўтган: АҚШ уруш келтириб чиқармаслиги ва ядро қуролини биринчи бўлиб қўлламаслиги, “ядро триадаси”нинг ердаги унсурини бартараф этиши керак. Бироқ мутахассис бу юз беришига ишонмаяпти, аммо бу ташаббусни илгари суриш лозим, деб таъкидлаган. “Ядро қуроли билан ҳазиллашиш ярамайди. Бу нафақат учинчи давлатларнинг “ақлдан озган” етакчиларига тегишли”, деб айтган Эллсберг.

Эллсберг 1959 йилда RAND тадқиқот марказида фаолиятини бошлаб, бу марказда АҚШнинг ядровий стратегияси масалалари билан шуғулланган. У АҚШ-Вьетнам муносабатлари ҳақидаги махфий маъруза устида ишлаган. У америкаликларнинг Вьетнамдаги хатти-ҳаракатларига аввалбошдан танқидий ёндашган ҳолда, бу маърузани 1971 йилда The New York Times нашрига берган. Унга бу иши учун 115 йиллик қамоқ жазоси хавф солган, бироқ у охир-оқибат оқланган. Мутахассис Жулиан Ассанж ва WikiLeaks сайти фаолиятини қўллаб-қувватлаб келади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид