Жаҳон | 10:35 / 19.12.2017
23376
3 дақиқада ўқилади

Жээнбеков хорижда ишлаётган қирғизларга мурожаат билан чиқди

Фото: President.kg

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Халқаро мигрантлар куни муносабати билан хорижда яшаётган ва ишлаётган қирғизистонликларга мурожаат қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти девонининг ахборот сиёсати бўлими хабар берди.

«Одам яхшироқ шароитни қидириб, бутун дунё бўйлаб ҳаракатланади, янги имкониятлар, билимлар, технологияларни излайди. Бизнинг мамлакатда, маълумки, кўплаб одамлар миграцияга боғланган. Улардан кўпчилиги – ёшлар бўлиб, ўзи, оиласи ҳамда мамлакати учун янги ҳаёт қуришга бўлган саъй-ҳаракатларини катта меҳнатлари билан кўрсатиб беришмоқда», - дея маълум қилди Сооронбай Жээнбеков.

«Сизларнинг меҳнатингиз ва сабрингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Кўпларингиз Қирғизистон тараққиёти учун жуда катта ҳисса қўшмоқдасиз, мактаблар, спорт мажмуалари, бошқа ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуришда ёрдам бермоқдасиз, ишлаб чиқаришларни очмоқдасиз ва иш ўринларини яратмоқдасиз, тиббиёт, таълим, санъат ҳамда бошқа соҳалардаги тажрибаларингиз билан ўртоқлашмоқдасиз», - дейилади мурожаатда.

«Шуниси қувонарлики, сўнгги йилларда хорижда ишлаётган қирғизистонликлар орасида Қирғизистондаги турли лойиҳаларга инвестиция киритишдан манфаатдор бўлганлар сони ўсиб бормоқда. Бу миграция ва ривожланиш ўртасидаги алоқа, шунингдек уларнинг ўзаро манфаатли тараққиёт учун тақдим этувчи имкониятларидан далолат беради», - дея таъкидлаб ўтди Қирғизистон раҳбари.

Унинг қайд этишича, давлат бундай ташаббусларни рағбатлантириб боради ҳамда Қирғизистон иқтисодиётига пул киритишни истовчилар учун барча керакли шароитларни яратади.

«Қирғизистон Республикаси сўнгги йилларда хорижда ишловчи бизнинг меҳнат мигрантларимизни қўллаб-қувватлаш учун кўп нарса қилди. Биз Қирғизистонда кўпроқ иш ўринлари пайдо бўлиши ва ҳамюртларимиз ўз ватанларида яшаб, ишлашлари учун барча нарсани қилмоқдамиз ҳамда қилишда давом этамиз», - дея ишонч билдирган у.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, хориждаги фуқаролар билан алоқалар мустаҳкамланади, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш даражаси оширилади ва хавфсиз миграцияга эътибор кучайтирилади.

«Биз замонавий ва мустақил, кучли иқтисодиёт ҳамда юқори ҳаёт даражасига эга Қирғизистонни бирга қуришимиз керак», - дея хулоса қилган Жээнбеков.

Мавзуга оид