10:00 / 20.12.2017
37458

Сурхондарё вилояти ҳокими билан эксклюзив суҳбат: йиллик ҳисобот ва келгуси режалар

Kun.uz таҳририяти 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ижодий сафар уюштириб, раҳбарлар, мутасаддилар ва аҳоли билан мулоқот ўтказишда давом этмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги сафари Сурхондарё вилоятига бўлди.

Сафар давомида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан турли масалаларда очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу суҳбат давомида вилоятда мавжуд муаммолар тилга олинди ва уларнинг ҳал этилиши борасида фикрлар ўртага ташланди. Истиқболдаги режалар ойдинлашди.

«Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият юритаётганимга бир йил тўлган бўлса, шу вақт орасида 37 марта туманларга бориб, халқ билан очиқ мулоқотларни ўтказдим. Аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларининг аксари ўз жойида ҳал қилинди. Бирдан ҳаммаси бир йил ичида изига тушмайди, аммо ўзгаришлар катта, айтиш жоизки, бу йил Сурхондарё учун жуда омадли келди, десам адашмайман», дейди вилоят ҳокими.

Эркинжон Турдимов таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг энг тинч ҳудудида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига барҳам берилган. «Айрим қуйидаги раҳбарнинг ўзбошимча ҳаракати билан хизмат вазифаси даврида пахта теримига жалб қилинган ўқитувчи ёки шифокорни далада кўриб қолсам, ўша раҳбарни, албатта, жазоладим», деб фикр билдирди у.

Эркинжон Турдимов ташаббуси билан ҳар бир туман раҳбари ҳафтада белгиланган бир кунда аҳоли олдида ўз ҳисоботини эълон қилиб боради. Бу билан халқнинг маҳаллий ҳокимият вакилларига ишончи ошса, иккинчи томондан, раҳбарнинг ҳар бир ҳаракати шаффоф ва холис экани намоён бўлади. Қолаверса, суҳбат чоғида ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими номидан юритилаётган саҳифаларни Эркинжон Турдимовнинг ўзи шахсан ўқиб, жавоб қайтаришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Йил бошида тўпланган маълумотга кўра, вилоят аҳолисининг 61 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Шунинг учун, 50 млрд. сўмдан зиёд маблағ аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тоза ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилмоқда. Аслида, вилоят ҳудудида ерости сув манбалари кам, шунинг эвазига бу борада олиб борилиши зарур бўлган ишлар бирмунча мураккабдир», дея таъкидлайди у.

Эркинжон Турдимов Сурхондарё вилоятида узлуксиз электр энергия таъминоти, табиий газ ва тоза ичимлик сувини аҳолига мунтазам етказиб бериш бўйича таклиф ва режаларини Kun.uz'га маълум қилди. Суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

YouTube

Tas-IX

Top