19:00 / 21.12.2017
17172

Вазир айрим туманларда фермер хўжаликлари ёрдамга муҳтож эканини маълум қилди

Фото: KUN.UZ

Ер ва иқлими бошқа ҳудудларга нисбатан оғир бўлган туманлар, масалан, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Навбаҳор, Қоракўл, Фарғона, Ҳазорасп, Янгиариқ каби туманларда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали, уларнинг даромадини оширишга қаратилган тизим мавжуд эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII​ ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев маълум қилган, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Буларда мелиоратив ҳолат оғир, ерлари шўрланган, сув билан таъминланганлик даражаси паст, шу боисдан фермерлар такрорий экин етиштириш имкониятига эга эмас. Негаки, такрорий экинга ўтиш учун фермернинг банк ҳисоб рақамида озроқ маблағ бўлиши зарур, шундай шароитда, фермер оддий уруғ сотиб олишга ҳам қурби етмайди. Биз уларга шароитини яхшилаш учун имконият яратиб бермаганмиз. Юқорида санаб ўтилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган фермерларнинг деярли 70 фоизи зарарда ишлайди», дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири.

Маълум қилинишича, янги ташкил қилинган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошида келаси йилдан бошлаб, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш марказлари ишга тушади. Мазкур Марказ ёрдамида жойларда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаб, туман, вилоят ва республика даражасида таҳлил этган ҳолда, таъсирчан ечимларни ўйлаб топиш ишлари ташкиллаштирилади.

Top