Иқтисодиёт | 15:11 / 18.03.2026
1353
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тажрибаси асосида Покистонда пахтачилик кластерлари жорий этилади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш доирасида пахтачилик кластерлари тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ифтихор Али Саҳу ва чорвачилик ҳамда сутчилик вазири ўринбосари Аҳмад Азиз Тарар билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда Покистон томони Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини юқори баҳолаб, айниқса пахтачилик кластерлари самарали йўлга қўйилганини таъкидлади.

Шунингдек, мазкур илғор тажрибани Покистонда жорий этиш орқали соҳани янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув давомида Панжоб вилоятининг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги салоҳияти билан танишилди. Қайд этилишича, ушбу ҳудуд мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 70 фоизини ишлаб чиқаради.

Томонлар сут ва гўшт маҳсулотлари экспорти, зотдор чорвачиликни ривожлантириш, сунъий уруғлантириш ва генетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, тери маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ўзбекистон вакиллари эса шоли ва картошка етиштириш, уруғчилик бўйича илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда гўшт етиштириш йўналишида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини илгари сурди.

Шу билан бирга, Тошкент ва Панжоб вилоятларида савдо уйлари ва логистика марказларини ташкил этиш, текстил ва чарм маҳсулотлари учун шоурумлар очиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.

Томонлар ушбу ташаббуслар икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид