Ўзбекистон | 21:50 / 22.12.2017
7818
15 дақиқада ўқилади
Реклама

Энг кўп овоз олиш – пировард мақсадимиз

Фото: Миллий тикланиш

Муҳим сиёсий жараён арафасида турибмиз. 24 декабрь — якшанба куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бўлиб ўтаётган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов мамлакатимизда изчил ривожланиб, чуқурлашиб бораётган демократик жараёнларнинг яна бир намойиши бўлиши шубҳасиз.

Боиси сайлов кампаниясининг бошланиш давридан то ҳозирги пайтгача бўлиб ўтган барча жараёнларда — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловда иштирок этишга ижозат олиш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этиш, партия номзодларининг сайловолди ташвиқотида иштирок этиш қонунда белгиланган барча талаб ва муддатларга қатъий амал қилинди.

Бу ҳақда гапирганда мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлиги ва шаффофлиги таъминланаётгани, сайловолди ташвиқотида сиёсий партиялар иштироки учун тенг имкониятлар яратилгани, эркин ва демократик сайловларни ўтказиш учун зарур барча ташкилий-ҳуқуқий асослар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сайлов кампаниясини ташкил этишда Асосий Қонунимизга киритилган сўнгги тузатишларга мувофиқ конституциявий орган мақомини олган Марказий сайлов комиссияси муҳим роль ўйнамоқда ва у ўз фаолиятини давлат органларидан мустақил тарзда олиб бормоқда.

Сайлов тизимидаги чуқур демократик ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини кенг миқёсли ислоҳ қилиш билан бирга амалга оширилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди. Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органларининг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

Жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва роли кучайиб, мамлакатимизда содир бўлаётган демократик янгиланишлар жараёнига уларнинг  таъсири ортиб бормоқда. Мазкур жараёнда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш ва сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани бу каби ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва кафолатига айланди. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида таъкидлаб ўтганидек, “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

Таъкидлаш жоиз, 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловнинг сайловолди ташвиқоти ҳам мазмунан, ҳам ташкилий жиҳатдан юксак даражада ўтмоқда. Бошқа сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг депутатликка номзодлари тақдим этилган имкониятлардан, хусусан, оммавий ахборот воситаларининг барча турлари, ижтимоий тармоқлар имкониятидан кенг фойдаланиб, босма, кўргазмавий ва бошқа ташвиқот материалларини чоп этиш ва тарқатиш, депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш орқали сайловолди ташвиқотида фаол иштирок этди.

Аввало, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Тошкент шаҳар туманларидаги барча 330 та сайлов округидан депутатликка номзодлар тўлиқ кўрсатилиб, улар сайловолди ташвиқотида тўлиқ таркибда иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашида марказий сайлов штаби ҳамда партия туман ташкилотлари сайлов штаблари тузилди. Улар таркибида депутатликка номзодларнинг рўйхатини шакллантириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш, ишончли, ваколатли вакиллар ҳамда кузатувчилар билан ишлаш гуруҳлари тузилди. Айниқса, партиядан депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада сайлов штаби томонидан ривожланган мамлакатлардаги муниципиал сайловлар тажрибаси ўрганилди. Улардаги сиёсий технологиялар ўзлаштирилиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёнида кенг қўлланилди. Жумладан, депутатликка номзодларни сайловчилар билан яқиндан таништириш мақсадида флайер, стикер, плакат ва календарлардан кенг фойдаланилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловида “Анъаналаримизни ардоқланг!”, “Биз мутолаага чорлаймиз!”, “Баркамол авлод тарбиясига масъулмиз!”, “Туризм — иш ўринлари учун мақбул тизим!” каби янги шиор ва чақириқлар билан иштирок этмоқда. Ва бу шиорлар партия сайловолди ташвиқот материалларининг барчасида акс эттирилди. Партиямиз сайловолди ташвиқоти жараёнида нафақат оммавий ахборот воситаларига, балки ташқи кўргазмавий ташвиқотга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги барча 11 та туманнинг аҳоли энг гавжум жойларига партия шиорлари акс эттирилган, номзодларимизга овоз беришга чақирадиган 44 та 3х6 хажмдаги баннерлар жойлаштирилди.

Шу кунга қадар “Тошкент” телеканалида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатликка номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари ташвиқотига бағишланган, 20 дақиқадан иборат тўртта кўрсатув намойиш этилди. Партиянинг 30 сониялик видеоролиги тайёрланиб, “Тошкент” телеканали, метрополитен бекатлари, йирик супермаркетлар, партиянинг расмий веб сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам намойиш этилди.

Сайловолди ташвиқоти жараёнида “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси учун ажратилган бепул саҳифа майдонларидан ҳам самарали фойдаланилди. Иккала газетада ҳам ўзбек ва рус тилларида партиядан депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятига бағишланган ўнта мақола эълон қилинди.

Ушбу даврда партия матбуот нашри — “Миллий тикланиш” газетасида партиямиз сайловолди Платформасидаги вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамияти, номзодларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашувларига бағишланган мақолалар чоп этилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатликка номзодларнинг рўйхати, уларнинг сайловолди дастури ва таржимаи ҳоли билан сайловчиларни таништириш мақсадида “Миллий тикланиш” газетасининг фақат Тошкент шаҳар ўқувчилари учун мўлжалланган 3 та махсус сони чоп этилди.

Сайловолди ташвиқоти жараёнида партиямиз замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, хусусан, глобал интернет тармоғи имкониятидан ҳам фаол фойдаланиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг расмий веб сайти (www.mt.uz)да ва бошқа оммабоп сайтларда депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, номзодлар томонидан илгари сурилаётган ғоялар кенг ёритилмоқда. Энг кўп ўқувчиларга эга бўлган интернет сайтларга партиядан депутатликка номзодларга овоз беришга чақирувчи флеш баннерлар, видеороликлар жойлаштирилди.

Бугунги глобаллашув даврида пойтахт аҳолисининг интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда, facebook, twitter, instagram ижтимоий тармоқларида кенг ташвиқот олиб борилмоқда. Аввало, партиямиздан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига депутатликка номзодларнинг ҳар бири ижтимоий тармоқларда ўз саҳифалари очиб, уларнинг сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар партия ташкилотининг facebookдаги саҳифасида, “Milliy tiklanish nomzodlariga ovoz bering” махсус саҳифасида ҳамда #ovoz_bering хэштеги остида сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда. Мазкур саҳифаларда, асосан, депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар, партия сайловолди Платформасидаги устувор вазифалар, депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг маҳалла, корхона, ташкилот, таълим муассасаларида сайловчилар билан учрашувлари фото, аудио ва видео кўринишида ёритилмоқда.

Айниқса, депутатликка номзодларнинг жойларда сайловчилар билан бевосита учрашувлари қизғин давом этаётир. Бундай учрашувлар жараёни сиёсий партиялар ғоя ва дастурлари ўртасида рақобат кучайиб, аҳолининг сиёсий парияларга ишончи ортиб бораётганини амалда кўрсатмоқда. Партиямизнинг халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига номзодлари томонидан сайловчилар билан ўтказилган мингдан ортиқ учрашувларида фуқаролар ўз саволлари, таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этди.

Сайловолди ташвиқотига якун ясар эканмиз, бу жараёнда пойтахт сайловчиларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалгани яққол намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Учрашувларда фуқаролар манфаатларига дахлдор долзарб масалалар, уларни ўйлантираётган муаммолар, ҳудудлардаги айрим камчиликлар кўтарилди. Бу партиямиз ва депутатликка номзодлардан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ нуқтаи назар ва таклифларга эга бўлишни, сайловдан сўнг сайловолди ваъдалар ижобати, сайловчи ишончини қозонишга бор имкониятимизни сафарбар қилишни талаб қилади.

Сайловчилар ишончини қозонишда партиямиз сайловолди Платформасидаги мақсад-вазифалар бевосита аҳоли манфаатлари билан боғлиқ бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий мақсад-вазифалари ҳақида гапирар эканмиз, ундаги ҳар бир йўналиш кенг аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Партиямиз миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтириш тарафдори.

Партия сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоямиз тамойилининг устуворлигини таъминлаш, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш тарафдоридир. Партия миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларининг мустаҳкам қарор топиши, Ўзбекистон тарихининг кенг миқёсда изчил ўрганилишини таъминлаш, тарихий ўтмишга ва ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳаётига баҳо беришда бирёқлама ёндашувларга йўл қўймаслик масалаларига ҳамиша катта эътибор қаратиб келган ва буни давом эттиради.

Биз халқимизнинг тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, унинг муваффақиятларини камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш тарафдоримиз. Ёшларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, уларни халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш биз учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий саноатимизни техник ва технологик модернизация қилиш орқали унинг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Партия нуқтаи назарича, туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилади, шунингдек, Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдонда ижобий имиджини шакллантиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, уй-жой қурилиши соҳасини қўллаб-қувватлаш, транспорт хизмати тизимини, хусусан, мамлакатимизнинг олис ва етиб бориш қийин бўлган жойларида яхшилаш, аҳолининг электорат қисми бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга интилади.

Соғлиқни сақлаш масаласида партиямиз, бошқа партиялардан фарқли ўлароқ, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва саломатлик маданиятини оммалаштириш, жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий спорт турларини қайта тиклашни муҳим вазифа, деб билади.

Биз мамлакатда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятларни тиклаш ва ривожлантиришда маҳалла институтини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Партиямиз ўз фаолиятида фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, телерадиоэшиттиришлар тизимини модернизация қилиш, ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш масалаларига эътибор қаратади.

Ушбу мақсад-вазифаларнинг ҳар бири аҳолига яқинлиги, уни амалга оширишда тизимли механизм йўлга қўйилгани боис сайловчилар билан учрашувларда аҳоли партиямиз ғояларига хайрихоҳлик билдирди. Пойтахтимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, янгиланиш ва ривожланиш негизида миллий тикланиш ғояси мужассам эканини таъкидлашди.

Юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда сиёсий партияларга амалдаги қонунлар кенг имконият ва ваколатлар беради. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланадиган янги депутатлар корпуси қонун ташаббускорлиги, депутатлик назорати, ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари ахборотлари эшитувини ташкил қилиш, халқ депутатлар туман Кенгашлар сессиялари кун тартибига партия Сайловолди платформаси ижроси ҳамда партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган масалаларни киритиш орқали мазкур вазифалар ижросида фаол иштирок этади.

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари бизнинг олдимизга ҳар бир халқнинг миллий ўзлигини сақлаб қолиши ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича энг долзарб вазифаларни қўймоқда. Чунки миллат қадри, ғурури ва манфаатлари улуғ ва муқаддасдир. Бизнинг назаримизда, фақат ўзлигини англаган ва сақлаб қолган халқ буюк ишларга қодир бўлади.

Партиямиздан сайланган депутатлар юқорида таъкидланган эзгу ниятларимизни, мақсад ва вазифаларимизни рўёбга чиқаришга бутун куч ва имкониятларини ишга солади.

Азиз ҳамшаҳарлар, ҳурматли сайловчилар!

24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этинг ва ЎЗБЕКИСТОН “МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ДЕМАКДИР!

Ўзбекистон «Миллий тикланиш»

демократик партияси

Тошкент шаҳар кенгаши

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид