Спорт | 10:10 / 24.12.2017
31240
2 дақиқада ўқилади

Статистика. Роналду Мессидан яққол ортда қолди

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Испания чемпионатининг 17-тури доирасида «Реал»га қарши кечган ва 3:0 ҳисобида якунланган ўйин вақтида 8та аниқ ўткир (кесик) пас берган. Таққослаш учун, «Реал» футболчилари жам бўлиб шунча миқдордаги ўткир пас беришган. Жорий мавсумда Месси ҳар ўйинда ўртача 5,5 марта кесик паслар бермоқда ва бу нафақат Испанияда, балки барча чемпионатлардаги энг яхши натижа ҳисобланади.

Каталонияликлар жамоаси тўп учун курашда ҳам рақибдан самаралироқ ҳаракат қилишган. Ўйинда жами 111 марта яккакураш кузатилган ва шундан 63тасида каталонлар жамоаси ютиб чиққан (57 фоиз).

Бу ўйин «Реал» учун яккакурашларни ютиб чиқиш борасида жорий мавсумдаги энг ёмон ўйин бўлди (43 фоиз).

Қайд этиш керакки, Зинедин Зидан шогирдлари бу ўйиндан кейин ҳам Испанияда яккакурашларни енгиб чиқиш борасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб қолмоқда (ўртча 55,2 фоиз). «Барселона» бу борада иккинчи кўрсаткичга эга – 53,4.

«Барселона» ҳимоячиси Серхи Роберто бу ўйинда рақибни айланиб алдаб ўтиш борасида энг яхши кўрсаткични қайд этди – у 7 марта рақибни доғда қолдирди. Иккинчи – Лионель Месси (6), ундан кейин Иван Ракитич (5). «Реал» футболчилари орасида энг кўп марта рақибни алдаб ўтган футболчи Лука Модрич бўлди (4). Криштиану Роналду фақат бир марта дриблингни муваффақиятли қўллай олди. 

Роберто яккакурашларда ютиб чиқиш борасида ҳам яққол устунлик кўрсатди (12тадан 10та – 83 фоиз). Модрич ҳам 10 марта яккакурашда устун келган, аммо у 16 марта тўп учун курашга киришган. Жорий мавсумда Испания чемпионатида яккакурашларда ютиб чиқиш борасида Серхи Робертонинг натижаси ҳар ўйинда ўртача 8,2 марта, Модричнинг кўрсаткичи – 7,3.

Мавзуга оид