Спорт | 11:40 / 25.12.2017
34120
5 дақиқада ўқилади

Месси эртаги: Шаҳзода ва қаҳрамон

Фото: Reuters

Месси майдонда амалга ошира олмайдиган бирор иш йўқ. Унинг мислсиз истеъдодини тан олмаган инсонни топиш ҳам осон бўлмаса керак.

Лекин негадир ундан доим ниманидир исботлашни талаб қилаверадилар. Аввалига унинг Хави ва Иньестасиз ҳеч ким эканини иддао қилганлар, кейинроқ, Месси шерикларсиз ҳам ўз буюклигини намойиш қилавергани сари, бошқа нарсани, жаҳон чемпиони бўлишни, Марадонадан зўр эканини исботлашни талаб қила бошладилар.

Ахир дунё қанчалаб жаҳон чемпиони бўла олмаган буюкларни қабул қилган, олқишлаган, ҳалигача эслаб юради. Мессининг айби нима?

Тўп билан ҳар қандай рақибни ёш бола қилиб ташлайдиган Мессининг ўзи, негадир доим қаршимизда ёш боладек... футбол оламидаги буюк шахсиятларнинг бир қаторида туришга унга нимадир етишмагандек... Шундай эмасми?

Биласизми, инсон ўз эътиборини нимага қаратмасин, хусусан, футбол оламидан ҳам ўзи яшаётган ҳаётга ўхшаш ҳаётни, ўз ҳаётига кўчирса бўладиган эртакни ва табиийки, ўша эртак қаҳрамонини қидиради. Ҳеч шаҳзодалар қаҳрамон бўлганми? Жуда кам.

Халқ уларни қаҳрамон сифатида қабул қила олмайди, сабаби, шаҳзодаларнинг ҳаёт йўлини ҳамма яшай олмайди, бунинг учун, аввало, шоҳ оиласида туғилиши зарурки, бу имконсиз...тақдирни ўзгартириш инсонларнинг измида эмас...

Месси эса шаҳзода. Унинг ҳаётини яшаш, унинг йўлидан юриш, унинг ҳаракатларини такрорлаш - иложсиз. Чунки Месси бўлиш учун аввало беш ёшингизда «Барселона» назарига тушишингиз керак. Сиз Месси каби, «Барселона» қироллигида улғайиб ўсишингиз ва улар сизга ишонишлари керак.  

Камбағал оиладан етишиб чиққан қаҳрамон эса, ҳар бир қадамга синовга дуч келади, ҳар қадамда ўлим билан юзма-юз, ҳар қадамда ўзининг қаҳрамон эканини исботлашга мажбур. Ана ўшалар эртакларга ярашади, ана ўшалар халққа яқинроқдек худди...

Месси эса ҳеч қачон курашмаган. У кимнингдир рақобатини енгиш, ўзини кимгадир исботлаш эҳтиёжини сезмаган. Буни кўпроқ исботлагандир, рост, лекин бунга мажбур бўлмаган ҳолда қилганди ҳаммасини... Роналдиньо Мессининг ўсиши учун халақит қиляптими? Демак Роналдиньони сотамиз. Ибраҳимовичнинг услуби Мессига тўғри келмаяптими? Хайр, Златан...

Бундай ҳаёт йўли билан инсон ўз иқтидорини тўлиқ намоён қилиши, дунёдаги энг зўр футболчига айланиши, юзлаб гол уриши-ю, «Олтин тўп»ларни қалаштириб олиши мумкин... Аммо уни қаҳрамон дея оламизми? У майдондан ташқарида, оддий кийимда уни томоша қилаётган инсонларга буюкликнинг шакли ўлароқ намоён бўла оладими?

Йўқ.

Уни фақат майдондаги сеҳрли ҳаракатлари билангина эслашга ўрганганмиз. У қандай инсон? У бизга ўхшайдими? Унга нима ёқади? Унинг характери қанақа? Йўқ, билмаймиз, чунки Месси қаршимизда ҳеч қачон бир шахсият сифатида гавдаланмаган, унга нисбатан доимо ўзга сайёралик атамасининг қўлланилишига сабаб шудир балки... Йўқ, у биздан эмас. Йўқ, у оддий одам эмас. Йўқ, у намуна эмас. У ҳеч кимга ўхшамайди... У ўзга сайёралик... У - шаҳзода...

Шу нуқтаи назардан 2018 йилги жаҳон чемпионати бутун футбол олами учун ўзига хос воқеъликка айланса не ажаб. Сабаби нима дейсизми?

Месси 2014 йилдаёқ ўзининг энг зўр спорт формасида, Аргентина терма жамоаси билан биргаликда финалда ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлиши ва биз юқорида таъриф бераётган ўз образида қолиши ҳам мумкин эди.

Лекин ўша мағлубият Месси учун аслида имкониятга айланди. Унинг қаршисида ҳам тўсиқлар пайдо бўлди. Месси мағлуб бўлди. Демак у ҳам одам... Унинг ҳам ўз ожиз нуқтаси, муаммолари бор. У ҳам хато қилади. У ҳам ютқазади. У ҳам овқат ейди. Ва ҳоказо...

Ҳа! Шаҳзодалар эртак қаҳрамони бўлиш учун нима қилишарди, болаликка қайтиб, эслаб кўринг-а? Кулолга шогирд тушишарди... Ҳеч кимга билдирмай гилам тўқишарди...

Яъни биз каби оддий одамга айланишарди.

Месси ҳам энди ўтмиш юлдузлари сафига қўшилиши, қаршисида пайдо бўладиган тўсиқларни енгиб ўтиши, футбол юлдузидан футбол шахсиятига айланиш имкониятига эга бўлди.

Ўша бутун дунёга қарши чиқа олган Марадона каби... Ўша оғир жароҳатлардан наҳанг мисоли қайта тирилаверган Роналдо сингари... Ўша биргина пенальтининг хунини бир умр тўлаган Баджо қатори...

Жаҳон чемпионлиги Месси хонасида етишмаётган оддий соврин эмас. Россияда бўлиб ўтадиган мундиал бизга мана шундай ажойиб - шаҳзода оддий инсонга айланиб, якунда қаҳрамон бўладиган эртакни тақдим этиши мумкин. Месси эртагини...

Бундан бошқача эртакни, бундан бошқача Мессини биз қабул қилишни истамаймиз.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид