Жамият | 12:37 / 26.12.2017
15294
4 дақиқада ўқилади

Автофирибгар

Раҳматжон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) киракаш, Тошкентга қатнайди. Қўқон шаҳридаги бекатда ёш йигит йўл ҳақини суриштирди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

- Бир ўзим кетаман. Қанча бўлади?

- Саксон минг сўм.

- Бўпти, кетдик.

Йўловчи қўл телефонида гаплашди. “Тошкентга боряпман. Тезлаштирамиз. Хотиржам бўлаверинг. “Матиз”нинг калитини ўзим элтиб бераман”. Суҳбатининг мазмунидан автомобиль савдоси билан шуғулланадиганга ўхшарди. “Туришидан бойвачча, тўрт йўловчининг пулини бир ўзи тўлаяпти”, дея хаёлидан кечди ҳайдовчининг. Қаерликсиз, исмингиз нима? – деб сўради.

- Исмим Абдусами. Бувайда қишлоғиданман, - деди у.

- Нима иш қиласиз?

- Машина савдоси билан шуғулланаман.

- Жияним “Дамас” олмоқчи эди. “Дамас”ни салондан қанчага олса бўлади?

- Давлат нархи йигирма етти миллион сўм. Ўн бир минг етти юз доллар тўлов қилинса, тўққиз ой, узоғи бир йилда қўлга тегади. Автосалондаги таниш диллерлар уч-тўрт ойда етказиб беришяпти.

- Салондан олгани қанақа ҳужжатлар керак?

- Паспорт нусхаси, солиқ идорасидан СТИР бўлса бас.

Раҳматжон жиянига СМС хабар юборди. Бир оздан кейин жияни телефон қилди.

- Автодиллерни Тошкентга олиб кетяпман, - деди Раҳматжон.

- Сени айтдим. Телефонни беряпман. Ўзинг гаплашгин.

Жияни Абдусамидан сўраб-суриштирди.

- Хўп десангиз, танишларим орқали олиб бераман, - деди Абдусами.

- Бўпти, - деди Холбой. – Раҳматжон акам сизни қайнотам билан кўриштириб қўяди.

Тошкент шаҳридаги манзилга етиб келишди. Абдусами йўлкирани бериб, қора “Малибу”га ўтириб кетди. Киракашнинг телефони жиринглади.

- Ака, таг-тугли одамми? – сўради Холбой. – Ишқилиб, чув тушиб қолмайманми?

- Айтганидай, Тошкентда диллерни шериги кутиб олди, - деди ишонч билан Раҳматжон.

- Хўп ака, аммо буёғига ўзингиз кафилсиз.

Раҳматжон телефонда боғланиб Абдусами билан кўришди. Ҳужжатларнинг нусхасини топширди. “Тошкентга элтиб бераман”, - деди у.

Икки кундан сўнг Абдусами Раҳматжон ва Холбойнинг қайнотаси билан Бувайда туман марказида кўришди. Қайнота – Қозоқвой ака унга машина пулини – 11700 АҚШ долларини тутқазди. Абдусами дафтар варағига “Дамас” автомобили учун тўлов пулини олгани ҳақида тилхат ёзиб берди. Орадан тўрт кун ўтгач, Қозоқвой акага куёви Холбой Ортиқов номига расмийлаштирилган шартнома, тўлов квитанциясини топширди. Раҳматжон ва Қозоқвой аканинг наздида бари рисоладагидай эди. Абдусами ваъда қилган муддат яқинлашди. Телефонда гаплашиб туришди. Бироқ... Абдусами қамалгани ҳақидаги хабарни эшитиб бошларидан муздек сув қуюлди.

“Ҳожатбарор” ўзининг икки нафар ҳамқишлоқларига автомобилни нақд қилиб қўйиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган пулларини қайтариб бермай алдаб юрган экан. Хориждан қайтган Холбой фирибгар “автодиллер”ни рўбарў қилган Раҳматжон тоғаси билан сан-манга боради. Қамоқхонадан Абдусами телефон қилади. “Ака, англашилмовчилик бўлди, сиз индамай туринг, чиқишим билан пулингизни қайтариб бераман”, деб ёлборади. Холбой кўнади.

Икки нафар ҳамқишлоқларини машина олиб бераман, деб алдаб, пулларини қайтариб бермай, судланган автофирибгарга амнистия қўлланиб, жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилади. Уйига қайтгач, Холбойга бўлиб-бўлиб алдаб олган пулидан 5800 АҚШ доллари ҳамда 2 млн 400 минг сўмлик шоли беради. Қолган пулини бермай сарсон қилади.

Дастлабки терговдаги каби суд мажлисида автофирибгар айбига тўлиқ иқрор бўлди. Жабрланувчи Х.Ортиқов судланувчидан пулининг қолган қисмини ундириб беришни сўради. Унга етказилган зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилди. Суд фирибгарликни касб қилиб олган А.Тожидиновга қилмишига мувофиқ жазо тайинлади.

Мавзуга оид