Жаҳон | 08:39 / 28.12.2017
9384
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон парламенти спикери Ўзбекистонни стратегик шерик деб атади

Фото: Ca-news

Қозоғистон Сенати раиси Қосим-Жомарт Токаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раисининг ўринбосари Борий Алихоновни қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон парламенти палатасининг матбуот хизмати хабар берган.

Сенат спикери сентябрь ойида Тошкент ва Самарқандга ташриф буюрган Қозоғистон парламентининг делегацияси илиқ кутиб олингани учун миннатдорлик билдирди. Қ.Токаевнинг таъкидлашича, ташриф парламентлараро мулоқотни кучайтириш ва ўзаро алоқаларнинг барча соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида самарали бўлди.

Сенат раиси Ўзбекистонни Марказий Осиёда Қозоғистоннинг муҳим стратегик шериги деб атади ҳамда президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди. «Марказий Осиё минтақасининг муваффақиятли иқтисодий ривожланиши, барқарорлиги ва хавфсизлиги кўп жиҳатдан Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорлиги ҳамда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларига боғлиқ», - деди Қ.Токаев.

Ўз навбатида, Б. Алихонов турли соҳаларда икки томонлама муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, парламентлар икки давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид