Жамият | 01:04 / 29.12.2017
83015
4 дақиқада ўқилади

Тунги навбатчиликда қолган ўқитувчига ҳақ тўланадими?

Фото: KUN.UZ

Kun.uz таҳририятига ўқитувчи муштарийлардан бири савол юборди. Унда таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг тунги навбатчилик қилиши тўғрисида қонунчилигимизда нима дейилгани, тунги навбатчиликда қолган ўқитувчиларнинг қандай ҳуқуқлари борлиги ҳақида сўралган. Уларга ҳақ тўланадими?

Байрамлар арафасида кўплаб корхона ва ташкилотларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил қилиш йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад жамоат хавфсизлигини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, бу ҳақда ваколатли идораларга тезкорлик билан хабар бериш ва ҳ.к.

Шу ўринда юқоридаги педагог каби кўпчиликда айнан навбатчилик бўйича саволлар туғилади. Шундай саволларга қонун доирасида атрофлича жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Эътибор беришингизни истар эдик: қуйида акс этган қонун нормалари нафақат ўқитувчилар, балки барча ходимлар учун тааллуқлидир.

Навбатчилик иш вақтидан ташқари ишми?

Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш - иш вақтидан ташқари иш, деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга фақат ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилади.

Ишлаб чиқариш заруриятига кўра, ходимларни тунги навбатчиликка жалб этишни иш вақтидан ташқари иш, деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Тунгги навбатчиликка (иш вақтидан ташқари ишга) жалб этилган ходимга қандай тартибда ҳақ тўланади?

Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Яна шундай қоида ҳам борки, ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши лозим.

Масалан: таълим муассасаси педагог ходими 28 ноябрдан 29 ноябрга ўтар кечаси – соат 22-00 дан 6-00 га қадар навбатчиликда бўлди. Шу ходимнинг айтайлик 11 декабрь куни ўзининг асосий иши вақтида оилавий тадбири бор. Мана шу ҳолатда ходимнинг хоҳиши билан ўтаган тунги навбатчилиги вақти ҳисобидан 11 декабрь куни иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши мумкин. Ва бу ҳолатда ходимга 28 ноябрдаги тунги навбатчилиги учун 1 ҳисса иш ҳақи тўланади. Агар у отгул олишни истамаса, унда навбатчилиги учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши шарт.

Иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар борми?

Албатта бор.

- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар (ходимлар);

- иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлган ходимлар;

- меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда банд ходимлар тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш тақиқланади.

Навбатчилик турлари ва уларга ҳақ тўлаш миқдорлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

1-вариант: иш кунида ва иш вақти давомидаги навбатчилик (масалан, жума куни соат 09:00 дан 18:00 гача) – бунда ходимга одатдаги тартибда иш ҳақи тўланди;

2-вариант: дам олиш кунлари (шанба, якшанба, байрам кунлари) кундуз кундаги навбатчилик – бунда ходимга камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади, ёки ходимнинг хоҳишига қараб бир ҳисса ҳақ ва бошқа иш куни учун отгул берилади.

3-вариант: иш куни ва дам олиш куни тундаги навбатчилик - бунда ҳам ходимга камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади, ёки ходимнинг хоҳишига қараб бир ҳисса ҳақ ва бошқа иш куни учун отгул берилади.

Маълумот учун: Меҳнат кодексининг 122-моддасига биноан, соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади.

Хушнуд Худайбердиев, Дилшод Абдукадиров

Мавзуга оид