Жаҳон | 09:50 / 31.12.2017
4532
3 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг янада яқинлашишига қаратилган 2-Куньмин марафонига старт берилди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Рашид Алимов 31 декабрда ташкилот аъзоларининг бирдамлигини ифодаловчи Куньмин Халқаро марафонига старт берди. Мусобақалар Хитойнинг Куньмин шаҳрида, Дяньчи кўли бўйида ўтмоқда.

Алимов мусобақалар шиори – “Иноқроқ! Яқинроқ! Уюшқоқроқ!” сўзларини хитойчада айтгач, Хитой раҳбарияти вакиллари билан бирга спорт тўппончаларидан ҳавога ўқ узиб, марафонга старт берди. Шундан кейин улар биргаликда “марафон миляси” – катта кўламли мусобақанинг бошланишини англатувчи 100 метрлик масофани югуриб ўтишди. 

“Менда учта туйғу жўш урмоқда: биринчиси – шунча давлатдан минглаб одамлар, турли дин, маданият ва миллатлар вакиллари бир қудратли дарёга бирлашишини кўрганда, одамларнинг бирдамлиги учун қувонч ва бахт туйғуси. Марафон бу нафақат спорт мусобақаси, балки дўстнинг елкасини ҳис қилишга, биргаликда яратувчанлик йўлидан юришга чорловдир”, деб айтди Алимов. Унинг таъкидлашича, унда пайдо бўлган яна бир туйғу – марафоннинг улканлиги, жипслаштирувчи характерга эгалигидан қувонч туйғуси. “Бу ШҲТ доирасидаги энг томошабоп, жалб қилувчи ва ҳис-ҳаяжонли тадбирдир. Унинг муқобиллари йўқ. Учинчи туйғу, бу тадбирни ШҲТга аъзо давлатлар иштирокисиз ўтказиб бўлмасди, ваҳоланки у ташкилот сарҳадларидан ҳам ошади”, деб таъкидлаб ўтди ШҲТ бош котиби. 

Иккинчи марта ўтаётган Куньмин марафонида 27 давлатдан, жумладан, Ўзбекистон, Австралия, Беларусь, Ҳиндистон, Камбожа, Канада, Кения, Қирғизистон, Мьянма, Непал, Покистон, Польша, Шри-Ланка, АҚШ, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Украина, Германия, Эфиопиядан 14 мингдан кўпроқ одам иштирок этмоқда. Тадбир доирасида 42, 21, 7 ва 2,6 км.лик масофаларга югуриш мусобақалари бўлиб ўтади. Ушбу спорт тадбири ШҲТ сафида интеграцион жараёнларнинг кучайиши ва бирлашишга олиб келиши, маданий-гуманитар ривожланишга туртки берувчи таъсир кўрсатиши, ташкилотнинг халқаро майдондаги таъсири кучайишига кўмак бериши кутилмоқда. 

Марафон денгиз сатҳидан 1,8 минг метр баландликда, Дяньчи кўли яқинида ўтади. Мусобақа ташкилотчиларининг маълум қилишича, иштирокчилардан энг каттасининг ёши 84 да, энг кичиги бор-йўғи 2 ойлик. Ғолибларга 20 минг юан (3 минг доллар) миқдорида мукофот пули берилади.

ШҲТнинг 1-марафони 2016 йил 17 декабрда шу шаҳарнинг ўзида ўтган ва ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигига бағишланган. Унда 15 мингдан кўпроқ одам иштирок этганди.

Ўшанда эркаклар орасида эфиопиялик енгил атлетикачи Тилахун Айеле Тарику, аёллар ўртасида эса кениялик спортчи Рода Тануи ғолиб бўлгандилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид