19:30 / 12.01.2018
6938

iOS’нинг янгиланиши айфонлар ишлаши секинлашишига олиб келди

Фото: Hi-Tech

Тадқиқотчи Мелвин Мугхал iOS операцион тизимининг янгиланиши унинг айфони унумдорлигини камайтирганини аниқлади. Баъзи ҳолларда смартфон ишлаши тезлиги 50 фоизгача камайган. 

Мугхал патч (янгиланма) ўрнатилишидан олдин ва кейин ўзининг iOS 11.2.2 операцион тизимли iPhone 6 смартфонини синаган. Синов бир хил шароитда, фонда бажарилувчи дастурларсиз ўтказилган. Смартфонда, шунингдек, Jailbreak бўлмаган, таъмирлаш ўтказилмаган ва тизим ўзгартирилмаган. Синовнинг барча бандларига кўра смартфоннинг ишлаши 40-50 фоизга камайган. 

Apple компанияси эса iOS 11.2.2 операцион тизими янгиланиши фойдаланувчилар хавфсизлиги нуқтаи назаридан жуда муҳимлигини таъкидлаб, уни рад этмасликни тавсия қилмоқда. Янгиланма орқали 2017 йил ўрталарида аниқланган Spectre носозлиги тўғриланади. Бу носозлик дастурлар ҳимоясидаги заиф жойлар орқали хакерларга бошқа дастурлардан маълумот олиш имконини беради. 

2017 йил декабрда Apple компанияси эски аккумуляторларга эга iPhone’лар ишлашини атайлаб секинлаштиришини тан олган. Бу қурилманинг юқори юкланганлик вақтида тўсатдан ўчиб қолишининг олдини олиш учунгина амалга оширилган.

Top