Жамият | 10:10 / 15.01.2018
35773
3 дақиқада ўқилади

Исломбек Тўлагановнинг апелляцияси рад этилди

2018 йил 12 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида П.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-босқич ўқувчиси, марҳум Жасурбек Иброҳимов иши бўйича айбланувчининг апелляция мурожаати кўриб чиқилди. Суд хулосасига кўра, Исломбек Тўлагановга тайинланган аввалги суд ҳукми ўз кучида қолдирилди, деб ёзмоқда «Nuz.uz».

Тўлагановнинг икки адвокатининг фикрича, Ж.Иброҳимов олган жароҳатлари туфайли эмас, балки керакли тиббий муолажанинг ўз вақтида кўрсатилмагани сабабли вафот этган. Уларнинг сўзларига кўра, агар марҳумга касалхонага тушган биринчи кунда жарроҳлик амалиёти қилинганида тирик қолган бўларди. Бундан ташқари, адвокатлар илк кунлари беморга кучли таъсир қилувчи оғриқсизлантирувчи дорилар қўйилганига эътибор қаратишган. 

И.Тўлагановнинг отаси А.Расулов ўз ўғлини тўлиқ оқлаб, муштлашувда Исломбекнинг ўзи ҳам жабрланганини айтди ва ўғли жиноятни амалга ошириш чоғида вояга етмаган бўлганлигига суд эътиборини қаратди.

Ж.Иброҳимовнинг бувиси ўз навбатида судда кўрсатмалар бериб, Миробод туман суди фақат бир кишини айбдор деб топгани, машъум муштлашувнинг қолган иштирокчилари гувоҳлар сифатида сўроқ қилингани сабабли адолатсиз қарор чиқарилганини айтди. Шунга биноан, гувоҳлар ва И.Тўлагановнинг оиласи қандай талофат кўрганини таққослаш ноўрин. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция шикоятини кўриб чиқиб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Судьяга кўра, Тўлагановнинг адвокатлари тақдим этган далиллар биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгартириш учун етарли даражада жиддий эмас. Шу билан бирга, ишда бир қанча зиддиятлар топилгани боис, Ж.Иброҳимов ётган баъзи тиббиёт муассасалари шифокорларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан прокурор текшируви белгиланди. 

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 2017 йил 30 октябрда П.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан Исломбек Тўлагановни олти йилга озодликдан маҳрум этган эди

Мавзуга оид