Ўзбекистон | 16:16 / 16.01.2018
8420
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи делегацияси Германиядаги ёш юртдошларимиз билан учрашди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон делегацияси 14 январь куни мамлакатимизнинг Берлин шаҳридаги элчихонасида Германиянинг турли шаҳарларида, қўшни мамлакатларда таълим олаётган, илмий изланиш олиб бораётган ва етакчи немис компанияларида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди, деб хабар берди KUN.UZ’га Берлиндан Камолиддин Бедиев.

Учрашувда қатнашган 100 нафардан зиёд ёшларнинг аксарияти Германияда олий таълимдан сўнг илмий йўналишда фаолият олиб бораётган ёшлар бўлгани боис, мулоқот давомида асосан илмий ишланмалар, ғоя ва ташаббусларни Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтириш, инвестицияларни жалб этишда Ёшлар иттифоқининг имтиёз ва преференциялар бериш борасидаги имкониятларига қизиқиш юқори бўлди. Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда етакчи немис компанияларида фаолият юритаётган юртдошларимизнинг таклифларини мунтазам ўрганиб бориш масаласи қизғин муҳокама қилинди.

Мулоқотларда Германиядаги ўзбекистонлик ёшларнинг яшаш ва ўқиш шароитлари, фуқаролик паспорти, хорижга чиқиш ва кириш бўйича виза каби масалалар юзасидан ечилмай ётган муаммолари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Ёшларнинг ватанпарварлик ҳисси, ўз салоҳиятини Ўзбекистон тараққиётига бағишлаш иштиёқи ва Ватан олдида бурчдорлик кайфияти юқори экани алоҳида сезилиб турди.

Бу учрашувнинг аҳамиятга молик томони шундаки, бу тадбир илк бор янги форматда ташкил қилинди. Яъни очиқ, жонли мулоқот шаклида ўтказилган тадбир ёшларимиз орасида ҳам катта қизиқиш, кўтаринки руҳ билан қабул қилинди. Тадбир қатнашчилари томонидан берилган ҳар бир савол, таклиф ва лойиҳа мавзуларига делегация аъзолари томонидан батафсил жавоб берилди. Айрим ёш олимларимиз ўз инновацион лойиҳаларини, келажак режаларини кичик тақдимотлар шаклида намойиш қилишди.

Бир сўз билан айтганда, Германия давлатида ва қўшни давлатларда таҳсил олаётган, илмий изланиш олиб бораётган ва шу давлатнинг етакчи фирмаларида меҳнат фаолият юритаётган ёшларимиз бундай учрашувлар тез-тез ташкил қилинишини ёқлаб чиқдилар.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид