Спорт | 10:35 / 16.01.2018
6419
2 дақиқада ўқилади

Португалия чемпионати учрашуви трибуна қулаши хавфи сабабли бекор қилинди

Фото: estorilpraia.pt

Португалия чемпионатининг 18-турида “Эшторил” ва “Порту” ўртасидаги учрашув стадиондаги трибуналардан бирининг қулаб тушиши хавфи сабабли бекор қилинди. Бу ҳақда “Порту” матбуот хизмати маълум қилди.  

“Порту” твиттердаги саҳифасида Эшторилдаги стадион суратларини жойлаштирган. Суратларда стадионнинг деворлари ва конструкцияларидаги ёриқларни кўриш мумкин.

Учрашув танаффусида трибунанинг бетон конструкцияларидан бирида катта ёриқ пайқалган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан томошабинлар майдонга эвакуация қилинганлар, сўнгра стадионни тарк этганлар. Учрашувнинг бош ҳаками танаффус вақтида ўйинни “Эшторил” фойдасига 1:0 ҳисобда бекор қилишга қарор қилган. Учрашув давом эттириладиган янги сана кейинроқ маълум қилинади. 

Фото: fcporto.pt
Фото: fcporto.pt
Фото: fcporto.pt
Фото: fcporto.pt
Фото: fcporto.pt

“Эшторил” стадиони 1938 йилда қурилган ва 2010 йилда реконструкция қилинган. Стадионнинг сиғимдорлиги 8 минг кишини ташкил қилади.

Жорий мавсумда “Эшторил” 17 ўйиндан кейин 12 очко билан 16-ўринни, “Порту” эса 45 очко билан 2-ўринни эгалламоқда. Чемпионатда 18 та ўйиндан кейин 46 очко билан Лиссабоннинг “Спортинг”и пешқадамлик қилмоқда.

Мавзуга оид